Жамият | 18:36 / 16.09.2017
54214
7 дақиқада ўқилади

«Тез ёрдам» врачлари ноласи: «Одамлардан калтак ейиш учун 10 йил ўқимаганмиз»

Фото: vladmedicina.ru

KUN.UZ сайтида чақирув қилган фуқаро томонидан калтакланган «тез ёрдам» врачи ҳақидаги мақола эълон қилингач, шу соҳа вакилларидан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Бу ҳолат халқимиз орасида тизимли кўриниш олгани кишини қайғуга солади. Ана шундай хатлардан иккитасини эътиборингизга ҳавола этишни маъқул кўрдик. Уларнинг мазмуни деярли бир хил.

Салом, KUN.UZ! Тўғрисини айтсам, ўқитувчини урган ҳоким ҳақидаги мақолани ўқиганимда жуда ачиндим, лекин врачни уришганини ўқиб, рости, бу икки касб хор бўлаётганини кўз ўнгимда кўриб, қоним қайнаб кетди...

Ўзим айнан «тез ёрдам» врачи бўлиб 3 йилга яқин ишладим ва бу мақоладан сўнг менда ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар бўлгани бирма бир кўз олдимдан ўтди.

Агар биринчи ҳолатга назар соладиган бўлсак, ҳокимнинг мактаб директорини уришига, уни ҳақоратлашига ҳадди сиғишининг сабаблари бор. Ўзим ўқитувчи фарзанди бўлганлигим сабабли буни яхши биламан. Баъзида отамдан сўрайман: «Ота, мактаб директорининг ойлиги атиги 700–800 минг атрофида бўлса, ҳали туманга, ҳали вилоятга мажлисга чопади, шунча ур-сўкларга шу ойлик арзийдими, яна шунча тарсаки еган директор аламини ўқитувчидан олиб, коллективга ёмон кўринишга, элу-халқ олдида кулгу бўлишга арзийдими шу», десам, отам: «Ҳа энди, униям оладиган жойи борку, шуларга чидаб юрибди», деб қўя қолади. Менинг фикримча, оддий ўқитувчини шунақа калтакласин ҳоким, ўқитувчи ўзи билади нима қилишни. Ҳокимнинг олдида тили қисиқ директор индамай калтакни еб қўя қолади.

Врачлар масаласига келсак, ҳамма босим бирламчи бўғин бошида синди: ҚВП, поликлиникалар, «тез ёрдам». Ҳозирда врачлар ноиложликдангина бу ерларда ишлаши ҳеч кимга сир эмас.

Яқингача, аниқроғи 31 мартгача ҳатто дориларни айтмай, спиртгача чўнтагимиздан сотиб олардик. Дорилар берила бошлагандан маш-машалар бошланди. Бир «ёзувчи» касалникига борганим эсимдан чиқмайди: бизга берилмайдиган дорини қилишимни талаб қилиб роса уришганди, «сени порталга ёзаман», деб роса дағ-даға қилганди. Биз бечоралар йиллаб чўнтагимиздан дори олиб бориб, яна раҳмат ўрнига туҳмат эшитсак ҳам оғир бўлиб тургандик.

10 йиллик ўқиш 700 минг ойлик учунмиди?! Ўқишга грандга кириш учун 3 йил топширганман, ҳаттоки тўлов-шартнома асосида ўқишга кириб, ташлаб, қанча қанча репититорларга пул тўлаб ўқишга кириб, азоб билан ўқиганман. Шу 3 йил «тез ёрдам»да ишлаб, рости, умримга ачиндим.

Касбимни яхши кўраман, яхши кўрмасам шунча йўлни босмасдим, лекин юракдан ўйлаб кўринг, эртага янги оила қурадиган, оила боқадиган, 10 йил ўқиган олий маълумотли шифокор 700 минг ойликка ишлаши тўғримикан? Бунинг устига, унга ҳар ким қўл кўтарса, таҳқирласа?

Ҳозирда ҚВПда ишлайман, мутахассисликка ўқиганман магистратурада, лекин иш йўқ. Умумий амалиёт шифокори ҳозирги пайтдаги энг паст даражадаги врач. Ойлиги ҳам шунга яраша. Лекин унга қўйилган юклама... Ҳатто бир одам шу ишни қила олишга тасаввур қилиш ҳам қийин. Энг қизиғи ўтган-кетган ҳар ким иш буюриши, хоҳлаганча ойликдан кесиши одатий ҳол экан.

Ҳа, айтганча, хоҳласа ойликдан лимон олдиришади, хоҳласа металлоломга пул олади, хуллас, ишлашдан маъни йўқ.

Хуллас, ҳурматли ота-оналар!

Фарзандларингизни ўқитувчи ёки тиббиёт ходими қилишдан олдин яхшигина ўйлаб кўринглар: агар аҳвол бунақа бўлса, рости, ўқитмасдан, бирор бир сотувчиликми ёки бошка тадбиркорликка ўргатиб қўя қолинглар. Ҳам иқтисодингиз яхши бўлади, ҳам фарзандингизнинг кўзи кўкармайди.

Умумий амалиёт шифокори.

* * *

Салом KUN.UZ сайти ходимлари! Сизларни сайтингизда жойлашган аудио ёзувни эшитиб, ҳақиқатни ёзганингиздан хурсанд бўлдим.

Мен ўзим ҳам «тез ёрдам»да шифокор бўлиб ишлайман. Сизга айтадиган бўлсам, ҳозирги кунда шифокорлар ҳимоя қиладиган қонун-қоида умуман йўқ. Шунинг учун одамлар шифокорларни ҳақорат қилишдан ва уришдан қўрқмайдилар. Тиббиёт соҳасида энг қийин иш «тез ёрдам»нинг ишидир.

Масалан, кимнингдир боласининг иситмаси кўтарилса «тез ёрдам»га чақириқ бўлса 5–10 дақиқада «тез ёрдам» бормаса қайта телефон қилиб, диспечерни сўкиб ташлайди, кейин «тез ёрдам» боргач шифокорни сўкади ва баъзан уради.

Агар менинг гапимга ишонмасангиз, «тез ёрдам» врачларидан сўраб кўринг, аминманки ҳамма врачлар энг камида сўкиш эшитган.

Энди, калтак еган врачлар нима қилади, албатта, ички ишлар ходимларига мурожат қилишади. Келган ИИБ ходимлари ҳам «ҳа, доктор, онаси ўлибди ёки отаси ўлибди ёки боласи касал экан, қизишганда жаҳли чиққан-да, сўкибди, урибди, буларни ҳам тўғри тушунинг», дейишдан нарига ўтмайди. Ҳеч қанақа чора кўрилмайди.

Энди порталдан гапирсам, агар чақириққа кеч келинса (асосан соат 18:00дан 00:00гача бўлади чунки шу пайт чақириқ энг кўп тиғиз пайти шу) ёки боргунча касал ўлиб қолса, шифокорни уриб-сўкадилар ва президент порталига ёзадилар. Кейин нима бўлади? Хат президент қабулхонасидан — ҳокимга, ҳокимдан — бош врачга, бош врачдан — «тез ёрдам» врачига келади. Энди порталга тушган аризани ёпиш учун бош врач ёрдамчиларидан бири ва «тез ёрдам» врачи биргаликда хат ёзган фуқародан кечирим сўрашади ва тилхат олинади. «Тез ёрдам» шифокори ҳам сўкиш эшитади, ҳам кечирим сўрайди.

Энди дори дармондан гапирсам, ҳар битта тиббиёт сумкасига дорилар бир кунда чегараланган миқдорда берилади, яъни чексиз эмас. Агар шу куни чақириқ кўп бўлса, шифокор ёнидан дори олиб ишлатишга мажбур бўлади.

Ойлик маошни гапирмай қўяқолай. Хуллас, айтсам гап жуда кўп, менинг кимлигимни сир тутишингизни илтимос қиламан. Менинг мақсадим бир - шифокорларни ҳимоя қиладиган қонун ишлаб чиқарилса яхши бўларди.

Ҳарқалай, шифокорлар 10 йил (7 йил бакалавр, 3 йил магистратура) ўқиб, касаллардан калтак ейишни мақсад қилмагандир? Агар ИИБ ходимини урсангиз — шу фуқарога жуда қаттиқ чора кўрилади. Тиббиёт ходими урилса ё сўкилса — ҳеч қандай чора.

Мавзуга оид