Жаҳон | 09:22 / 17.09.2017
24474
2 дақиқада ўқилади

ОАВ АҚШ ва Шимолий Корея вакилларининг махфий учрашувидан хабар топди

Швейцариянинг Монтрё шаҳрида хавфсизлик масалалари бўйича анжуманда америкалик собиқ юқори лавозимли дипломат Эванс Ревер ва Шимолий Корея вакили Кан Чу ўртасида норасмий учрашув бўлиб ўтган. Бу ҳақда 20min ахборот портали маълум қилган.

Кузатувчилар ушбу учрашувни Вашингтон ва Пхеньян ўртасида “яқинлашиш”га уриниш сифатида баҳолашган. Аввал Эванс АҚШ давлат департаментида Жануби-Шарқий Осиё бўйича куратор лавозимини эгаллаган. Кан Чу эса Шимолий Корея ташқи ишлар вазирлигининг Шимолий Америка бўйича департаменти директори ҳисобланади. Эванс давлат департаментида ишламаслиги сабабли учрашув дипломатик характерга эга бўлмаган. Бироқ катта аҳамиятга эга бўлган, деб ҳисобламоқдалар мутахассислар. Қарама-қарши томонлар воситачилар орқали алоқани йўлга қўйишлари мумкин. Музокаралар натижалари маълум қилиниши даргумон.

Аввалроқ Швейцария президенти Дорис Лейтхард мамлакат АҚШ ва Шимолий Корея ўртасидаги музокараларда воситачи бўлишга тайёрлигини айтганди. Лейтхарднинг фикрича, Шимолий Кореяга қарши санкцияларнинг кучайтирилиши ижобий натижага олиб келмайди. Швейцария анчадан бери Шимолий Корея муаммосини ҳал қилишда иштирок этади. 1953 йилдан бошлаб ушбу давлат ҳарбийлари Жанубий Корея ва Шимолий Корея ўртасидаги қуролсизлаштирилган ҳудудда ярашув жараёнини назорат қилиб келадилар.

Монтрёда 11-13 сентябрь кунлари ўтган анжуманда Хитой, Жанубий Корея, Европа Иттифоқи, Япония, Мўғулистон ва Шимолий Кореянинг етакчи мутахассислари иштирок этдилар. Улар Тинч океанининг шимолий қисмида хавфсизлик муаммолари ва минтақада барқарорликни ўрнатишни муҳокама қилишган.

Мавзуга оид