Жаҳон | 19:00 / 20.09.2017
9269
2 дақиқада ўқилади

Хитойликлар кариесга қарши вакцина яратилганини эълон қилишди

Фото: indiatimes.in

Олимлар ушбу касалликнинг бош сабаби сифатида оғиз бўшлиғида Streptococcus mutans бактерияларининг кўпайиши, деб ҳисоблашмоқда, деб ёзади Medportal.

Кариесга қарши вакцина прототипи тадқиқотларида олимлар тишларнинг зарарланишига сабаб бўлувчи миклофлорани йўқ қилишнинг уддасидан чиқишди. Хитой фанлар академияси таркибидаги Уҳан (Wuhan) вирусология институти ишчи гуруҳ ҳисоботи Scientific Reports журналида чоп этилди.

Манбанинг қайд этишича, ҳанузгача кариеснинг ҳосил бўлиши борасида жўяли бир жавоб йўқ. Бироқ касалликнинг пайдо бўлишига бош сабаб сифатида оғиз бўшлиғидаги сут кислотаси ишлаб чиқарувчи, тишда тош пайдо бўлишига сабаб бўлувчи, тиш эмалини емирувчи ва тишда кариоз бўшлиқ ҳосил қилувчи Streptococcus mutans бактериялари ҳисобланиб келинмоқда.

Хитойликлар каламушлар устида тажриба ўтказиб, KF-rPAc гибрид оқсилининг самарадорлиги амалда «тасдиқлангани»ни таъкидлашмоқда. Бу ҳолда кариоз бактериялар иммунитетнинг интенсив ҳужумига дучор бўлади ва уларнинг сони кескин камаяди.

Яқин орада тадқиқотчилар кўнгиллилар орасида клиник тадқиқотлар олиб боришни режалаштиришмоқда.

Мавзуга оид