00:59 / 20.09.2017
45972

Инсоният олдида турган энг жиддий етти хавф - БМТ хулосаси

Фото: EPA

Ядровий қуролни қўллаш хавфи, халқаро терроризм, қуролли тўқнашувларнинг кўпайиши, иқлимнинг ўзгариши ва илмий тараққиётнинг мисли кўрилмаган асоратлари - инсоният олдида турган энг жиддий хавф кўринишлари ҳисобланади. БМТ бош котиби Антониу Гуттериш Бош Ассамблеянинг 72-сессиясида ана шундай баёнот билан чиқди.

"Биз - халқлар ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти жиддий чақириқларга йўлиқмоқдамиз", - деди у. "Одамлар азобланмоқда ва ғазабга тўлмоқда. Улар хавфсизлик, тенгсизлик, низоларга доир вазият ёмонлашиб бораётгани, иқлим ўзгараётганини кўришмоқда", - деди Гуттериш.

Бош котиб бугунги кунда "дунё қарама-қаршиликларга тўла экан"ини қайд этиб, БМТ билан ҳамкорликда "ишончни қайта тиклаш ва дунёни яхши томонга ўзгартириш" мумкинлигини таъкидлади.

 

Ядровий таҳдид ва терроризм

Инсоният учун энг жиддий хавф-хатарлар орасида Гуттериш ядровий таҳдидни биринчи ўринда қайд этди. БМТ бош котибининг таъкидлашича, "ядровий қуролнинг қўлланилишига ақл бовар қилмайди". Шу ўринда у КХДРнинг ракета ва ядровий синовларини кескин қоралади.

"Мен КХДР ва БМТ таркибига кирувчи мамлакатларни Хавфсизлик Кенгаши (ХК) резолюцияларига тўлиқ амал қилишга чақираман", - деди Гуттериш ва ХКга бу масалада бирдамликни сақлаб қолишни сўраб мурожаат қилди.

Таҳдидлар рўйхатининг иккинчи қаторида Гуттериш халқаро терроризмни қайд этди. У 2018 йилда жаҳон ташкилоти шафелигида биринчи марта экстремистларга қарши ихтисослашган идоралар раҳбарлари билан учрашув ўтказишини таъкидлади. Бош котибнинг сўзларига кўра, бу "халқаро терроризмга қарши янги ҳамкорликка асос солиш" имконини беради.

 

Низолар ва иқлим

Гуттериш энг жиддий чақириқлар орасида шунингдек турли қуролли тўқнашувларнинг кўпайиш хавфини алоҳида таъкидлади. "Бугунги урушларда ҳеч ким ютмайди. Суриядан Ямангача, Жанубий Судандан Сахелгача, Афғонистон ва бошқа ерларда фақат сиёсий қарорлар билангина тинчликка эришиш мумкин", - деди у.

"Ўзимизни алдашга не ҳожат?! Хаосни юзага келтираётган можароларни ҳал қилмас эканмиз, терроризмнинг илдизини йўқ қила олмаймиз", - деди Гуттериш. У Мьянмадаги вазиятга алоҳида эътибор жалб қилди. "Мьянма ҳукумати ҳарбий операцияларни тўхтатиб, аҳолига ҳеч қандай тўсиқларсиз гуманитар ёрдам кўрсатишни таъминлашлари керак. Шунингдек улар роҳингяларнинг норозилигига эътибор қаратиши лозим, уларнинг мавқеи жуда узоқ вақтлардан буён ноаниқ бўлиб келган", - деди бош котиб.

Иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавф ҳақида сўзлар экан, Гуттериш ўтган ўн йиллик инсоният тарихидаги энг иссиқ давр бўлганини қайд этди. БМТ бош котибининг сўзларига кўра, жаҳон океани сатҳининг кўтарилиши ва иқлимнинг беқарорлигига таъсир қилувчи бошқа омиллар миллионлаб одамлар ҳаётига хавф солмоқда. Бундан ташқари, Гуттериш кўпгина минтақаларда кузатилаётган табиий офатларга ҳам эътибор қаратди. Шу муносабат билан Антониу Гуттериш жаҳон ҳамжамиятини иқлимга доир Париж келишуви қоидаларига қатъий амал қилишга чақирди.

 

Тенгсизлик, муҳожирлар ва тараққиётнинг "қоронғу томони"

Гуттеришнинг қайд этишича, инсоният олдида турган яна бир хавф - "жамият асосини емираётган, ўсиб бораётган  тенгсизлик". Бош котибнинг айтишича, кун тартибидаги 2030 йилгача барқарор ривожланиш дастурини амалга ошириш бу вазиятни тўғрилашга имкон яратади.

У шунингдек "инновацияларнинг қоронғу томони" қандай таҳдид уйғотиши мумкинлигига ҳам диққатни қаратди. Гуттеришнинг аниқлик киритишича, гап "илмий тараққиётнинг мисли кўрилмаган асоратлари", шу жумладан хакерлар имкониятларининг ошиши ва интернетда бошқариб бўлмайдиган сегментларнинг пайдо бўлиши ҳақида кетмоқда.

Шу билан бирга, сунъий интеллектнинг ривожланиши "меҳнат бозори ва жамият тузилмаси"га кучли таъсир кўрсатиши мумкин. Генетик муҳандислик технологияларининг қўлланилиши, бош котибнинг сўзларига кўра, этник характердаги янги саволларни келтириб чиқаради. "Керакли масъулият намоён қилинмаса, бундай тараққиёт сон-саноқсиз фожиаларга олиб келиши мумкин", - дея таъкидлади Гуттериш.

Бундан ташқари, БМТ бош котиби қочқинлар муаммосига ҳам тўхталиб ўтди. "Ҳар бир мамлакат ўз чегараларини назорат қилиш ҳуқуқига эга, - деди Гуттериш. - Бироқ бу шундай амалга оширилиши керакки, токи чегарани кесиб ўтаётган одамларнинг ҳуқуқлари ҳимояланиши керак".

"Аксарият қочқин ва муҳожирларнинг шаблон кўринишида намойиш этилиши, уларнинг вазият қурбонига айланаётганларини кўриш мен учун оғир", - қўшимча қилди БМТ котиби. Унинг қайд этишича, баъзи сиёсатчилар "сайловларда ўз позициясини мустаҳкамлаш" мақсадида мигрантларга нисбатан "нафратини намоён этмоқда".

Хулоса ўрнида Гуттериш жаҳон ҳамжамиятини бирлашишга чақирди ва давлатлар фақат бир-бири билан хабарлашибгина БМТ Низоми қоидаларига амал қилишлари мумкинлигини таъкидлади.

Top