Ўзбекистон | 07:52 / 21.09.2017
91918
4 дақиқада ўқилади

Мирзиёев АҚШда истиқомат қилаётган ўзбекистонликлар билан учрашди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 сентябрь куни Нью-Йоркда Америка Қўшма Штатларида истиқомат қилаётган бир гуруҳ ватандошлар билан учрашди. Улар орасида олимлар, ишбилармонлар, халқаро ва жамоат ташкилотлари вакиллари, талабалар бор. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи, бу ерда яшаётган ватандошлар билан учрашуви уларга катта хурсандчилик бағишлади. 

“Америка Қўшма Штатларида сиз, қадрли юртдошларимиз билан учрашиб турганимдан бағоят хурсандман, - деган давлат раҳбари. – Мен ушбу ташриф чоғида сизлар билан чин дилдан, самимий суҳбатлашишни аввалдан режалаштириб қўйган эдим. 

Ватандан йироқда, мусофирчиликда ўз ўрнини топиш ва ҳақли эътироф қозониш нақадар машаққатли эканини барчамиз яхши англаймиз. Бундай катта ютуқларга эришиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. 

Бугун сизлар билан очиқ мулоқот қилиб, сизлар билан яқиндан танишиш, мамлакатимиз олдида турган катта-катта вазифаларни амалга ошириш борасидаги фикр ва мулоҳазаларингиз, таклифларингиз билан ўртоқлашиш ғоят муҳим, деб ҳисоблайман”. 

Президент 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, Маъмурий ислоҳотлар концепциясининг аҳамияти ҳақида сўз юритди. Суд-ҳуқуқ, молия, кичик бизнес, туризм, тиббиёт соҳаларидаги ўзгаришлар тўғрисида маълум қилди. 

Ўзбекистонда аҳолини уй-жой билан таъминлаш, илм-фан ва таълимни ривожлантириш, замонавий кадрлар тайёрлаш бўйича улкан ишлар бошлангани таъкидланди. Ўзбекистоннинг ёшларга оид давлат сиёсатининг мазмун-моҳияти, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасидаги фаолияти ҳақида сўз борди. 

Мазкур учрашув очиқ ва самимий руҳда ўтди. Президент учрашувга келган ҳар бир ўзбекистонликнинг ҳаёти ва фаолияти билан қизиқди. 

Ватандошлар илм-фан, таълим, технология, инвестиция ва бошқа соҳаларни ривожлантириш, Ўзбекистон ва АҚШ муассасалари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди. 

Шавкат Мирзиёев уларга мурожаат қилар экан, Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга дахлдор бўлиш, замонавий билим ва тажрибаларини мамлакат ривожига йўналтиришга даъват этди. 

“Мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшиш истагида бўлган барча чет элдаги юртдошларимизни Ўзбекистонга таклиф этаман, - деди давлат раҳбари. – Мен уларни қўллаб-қувватлашга ва ҳар томонлама рағбатлантиришга тайёрман. 

Барчангизнинг мамлакатимизни ривожлантиришга сидқидилдан ҳисса қўшишга тайёр эканингизни кўриб, чин дилдан мамнун бўлиб турибман. Ҳаммамиз жонажон Ватанимиз равнақи йўлида бир ёқадан бош чиқариб бирлашсак, олдимизга қўйган ҳар қандай юксак маррага албатта етишимизга ишонаман”. 

Учрашувга йиғилганлар Президент Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар халқ фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилишини қайд этди. Ўзбекистон ҳукуматининг хорижда яшаётган юртдошларга қаратаётган эътибори учун миннатдорлик билдирди. Улар Ўзбекистонни ҳар томонлама ривожлантиришга ҳисса қўшишга тайёр эканликларини таъкидлади. 

Мирзиёев Америкада яшаб, фаолият кўрсатаётган ватандошларга сиҳат-саломатлик, омад ва муваффақиятлар тилади.

Мавзуга оид