22:10 / 28.09.2017
4032

Google Еврокомиссия босими остида қоидаларини ўзгартирди

FOTO: EPA

Alphabet'га қарашли Google компанияси Европа комиссияси (ЕК)нинг аксилмонополия можароси билан боғлиқ талабларни бажариш мақсадида ўз қидирув тизими ва онлайн-харидлар сервиси фаолиятига ўзгаришлар киритгани ҳақида маълум қилди.

Компания онлайн-сотувлар соҳасидаги рақибларига қидирувнинг юқори сатрларида уларнинг реклама хабарларини кўрсатиш ҳуқуқини сотиб олиш ва уларни қайта сотиш имконини бермоқчи. ЕКнинг асосий эътирози - Google'нинг устувор ўринларни шахсий Google Shopping сервисига бераётганидан иборат бўлган, деб ёзади Dow Jones.

Энди бу сервис алоҳида компанияга ажратилиб, реклама ўринлари хариди учун бошқа компаниялар қаторида кимошди савдоларида иштирок этади. 

Энди Google ҳар тўрт ойда бу масала бўйича Еврокомиссия олдида ҳисобот беради. 

ЕК аксилмонополия қонунчилигини бузганлик учун Google'га 2,4 миллиард евро миқдорида жарима солди. Ҳозирда суд компаниянинг бу қарорга доир аппеляциясини кўриб чиқмоқда. Компания кўрсатмаларга риоя қилинмаганлик учун жарималарни четлаб ўтиш мақсадида кўрсатилган ўзгаришларни амалга оширди. 

Бу вақтда эса Google'нинг рақиблари қабул қилинган чораларни етарли эмас, деб ҳисобламоқда. Kalkoo компанияси CEO'си Ричард Стейблз (Google'дан арз қилганлар орасида унинг компанияси ҳам бўлган) устувор ўринларни харид қилиш шу даражада қиммат бўладики, уларни сотиб олишдан наф йўқ, деб ҳисобламоқда. 

Пайшанба куни Nasdaq биржасидаги дастлабки савдолар давомида Alphabet акцияларининг нархи 0,1 фоизга ошди. Компаниянинг капиталлашуви йил бошидан буён 18 фоизга ўсиб, 644,5 миллиард долларни ташкил қилмоқда. 

Top