Жаҳон | 18:00 / 28.09.2017
49597
12 дақиқада ўқилади

Курдлар мустақилликка «ҳа» деди. Энди Яқин Шарқда тинчлик «йўқ»ми?

25 сентябрь куни Ироқ шимолида курдлар мустақиллиги учун референдум ўтказилди. Сайловда қатнашганларнинг 90 фоиздан ортиғи Курдистон Бағдоддан мустақил бўлиши учун овоз берди. Референдумнинг якуний натижалари бугун, 28 сентябрь куни эълон қилиниши кутилмоқда.

АҚШ, Буюк Британия ва Яқин Шарқда ИШИД жангарилари билан кураш олиб бораётган халқаро коалиция курдлардан референдумни яна 2 йилга ортга суришни сўраганди. Аммо Ироқ Курдистони раҳбари Масуд Барзоний энди жуда кеч бўлганини маълум қилди.

Бу ҳодисалардан кейин Яқин Шарқда беқарорликнинг янги тўлқини бошланиши мумкин.

Ироқ Курдистони мустақил давлатга айланадими?
Ироқ курдлари XX аср бошида Усмонийлар империяси қулагач, мустақил давлат бўла олмади. Биринчи жаҳон уруши якунларига кўра, тарихан курдлар истиқомат қилиб келган ҳудудлар 4 давлат: Туркия, Эрон, Ироқ ва Сурия ўртасида бўлиб олинди. Лекин курдлар бу давлатлар ичида бириккан ҳолда яшади ва этник кўпчиликни ташкил қила олишди. Курд миллатпарварлари этник кўпчиликни ташкил қилган миллат алоҳида давлат тузиши керак, деб ҳисобламоқда.

Ҳозирча мустақиллик референдуми фақат Ироқ Курдистонида, Ироқнинг мухтор ҳудудидаги курдлар томонидан ўтказилди. Ҳозирча гап бошқа давлатлардаги курдлар билан бирлашиб алоҳида давлат тузиш ҳақида кетмаяпти.

Фоторепортаж. Ироқ Курдистонида мустақиллик референдуми

Мустақиллик референдуми ғояси қачон пайдо бўлганди?

Фото: AFP

Ироқда курдларнинг мухтор тумани ўтган асрнинг 70-йилларида пайдо бўлган. 1970 йил мартида курд мухолифлари ва Ироқ ҳукумати ўртасида сулҳ тузилади. Аммо келишув амалга ошмайди, 1974 йилда Ироқ шимолида курдлар ва араблар ўртасида яна қонли тўқнашувлар бошланиб кетади. Бундан ташқари, ўтган асрнинг 80-йилларида Эрон ва Ироқ уруши бўлиб ўтиб, Ироқ Курдистонида табиий ресурслар ҳамда аҳоли янада қисқаради. 

Саддам Ҳусайн даврида курдлар яшайдиган ҳудудларда араблаштириш сиёсати олиб борилади, юз минглаб курдлар ўлдирилади. 

Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида Форс кўрфази урушига тайёрланаётган америкаликлар Ироқ Курдистонидан плацдарм сифатида фойдаланишни мақсад қилади. Шу билан биргаликда АҚШ тобора тараққий этаётган Туркия ва Ироқ жиловини тутиб туришни истайди.

1991 йили Саддам Ҳусайнга қарши Ироқ шимолида курдлар, жанубда шиалар исён кўтаради. Курдларнинг ҳарбий бўлинмаларидан иборат Пешмерга ироқлик ҳарбийларни шимолдан суриб чиқаради. Курдлар америкалик ҳарбийлар билан бирга жангларни давом эттиришади ва 1991 йил октябрида Ироқ армияси Курдистонни бутунлай ташлаб чиқади. Натижада ҳудудни курдлар мустақил бошқаришга ўтади.

Шу йили БМТ Хавфсизлик кенгаши Ироқ шимолидаги курд туманларини хавфсизлик зонаси деб эълон қилиб, курдларни амалда Бағдод таъсиридан озод қилади. 

2003 йилда эса америкалик ҳарбийлар Саддам Ҳусайн тузумини ағдаришади. Шундан сўнг, 2005 йилги янги конституцияга кўра Ироқ Курдистони де-юре Бағдод назоратига қайтади (тўла мустақиллик эълон қилиш учун курдларга сиёсий ва молиявий воситалар етишмасди).

Янги конституцияга кўра, араб тили билан бирга сорани тили ҳам расмий тил этиб белгиланади.

Ироқ Курдистони ўз демократик парламентига (Ҳудудий Ассамблея) эга бўлади. Унда 111 мандат мавжуд, айни вақтда Ироқ Курдистони президенти Масуд Барзоний. У 2005 йилда биринчи марта сайланган, 2009 йилда қайта сайланади.

Фото: Reuters

Мухторият таркибидаги Дохук, Хавлер, Сулаймоний ва Халабжа вилоятларининг умумий ҳудуди 40 минг кв км. Бу ҳудуд аҳолиси 5 миллиондан ортиқроқ.

Кейинроқ курдларда янги имкониятлар пайдо бўлади. Улар нефть нархи юқорилашганидан фойдаланиб, ўз бошқарувларини мустаҳкамлай бошлайди. 

Курдлар нафақат мухторият таркибида аввалдан бўлиб келган 4 вилоятни, балки Ироқ назоратида қолган, аммо курдлар яшайдиган ёки тарихан курдларники бўлган ҳудудларни ҳам олишни истайди. Кейинги ўн йил давомида, 2014 йилгача Арбил ва Бағдод бу масала бўйича баҳслашади.

Олдиндан мавжуд келишувга кўра, курдлар ҳар куни Бағдодга 250 минг баррель нефть етказиб берар, бунинг эвазига марказий ҳукумат бюджетнинг 17 фоизини уларга ажратарди. Лекин нефть нархи туша бошлагач, томонлар ўртасида зиддият чиқа бошлади, расмий Бағдод кўпроқ нефть етказиб беришни талаб қилди, талаб рад этилди, бунга жавобан курдларни молиялаштириш қисқартирилди, ҳудудда иқтисодий вазият издан чиқди.

Референдум нима учун ўтказилди?

Фото: Reuters

2014 йилда ИШИДнинг ҳарбий кампанияси бошланди, жангарилар Ироқнинг катта ҳудудини босиб олди, марказий ҳукумат сезиларли даражада заифлашди, Курдистон ҳудудида қочқинлар кўпайди. Ироқ Курдистони президенти Масуд Барзоний қарор қилди: курд халқи мустақилликка эришиши керак.

Курдистон ҳукумати жойлашган Арбилда Бағдодни курдларни камситишда айблай бошлашди. Улар курд давлати тузилиши Яқин Шарқда барқарорликни таъминловчи омил бўлишини иддао қила бошлашди.

Референдумда чигаллик. Баҳсли ҳудудлар масаласи
25 сентябрь куни бўлиб ўтган референдумда 4 тилдаги (сорани, араб, оссурий, туркман) сайлов бюллетенида овоз берувчига шундай савол қўйилган эди: «Курд минтақаси ва минтақа маъмурияти назоратида бўлмаган курд зоналари мустақил давлат бўлишига розимисиз?».

5 миллиондан ортиқ сайловчи қаторида - араблар, туркманлар, язидлар, христиан-оссурияликлар ва халдейлар ҳам Курдистон мустақиллиги учун овоз бериши мумкин эди.

Референдумда 5 миллионга яқин сайловчининг 3,3 миллиони қатнашди (давомат 72 фоиз). Уларнинг 92,73 фоизи (2,8 миллион сайловчи) мустақилликни ёқлаб овоз берди, 7,2 фоизи (224 минг киши) қарши овоз берди.

Референдумдаги баҳсли жиҳатлардан бири: мақоми аниқ бўлмаган ҳудудларда ўтказилгани.

Масалан нефтга бой Киркук. Бу ҳудудда курдлар яшасада Ироқ Курдистони ҳудудида эмасди. 2014 йилда ИШИД жангарилари ҳужум қилганида ироқлик ҳарбийлар у ердан қочиб кетишди. Аммо кейинроқ курдларнинг ҳарбий бўлинмалари - пешмерга ИШИДдан устун келиб, ҳудудда назорат ўрнатди. Энди жангарилар хавфи йўқ вақтда халқаро кузатувчилар курдлар ва расмий Бағдод ўртасида уруш келиб чиқишидан хавфсирамоқда.

Ироқ ҳукумати референдум ўтказилишига қарши эди
«Якунларни муҳокама қилмаймиз, умуман референдум ҳақида мулоқот қилмоқчи эмасмиз, чунки бу референдум ўтказилиши конституцияга тўғри келмасди», — деди Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Ободий. У ҳатто вазиятни ҳал қилиш учун қўшин киритиш эҳтимолини истисно этмади.

Аммо у бир йил олдин, ИШИД билан уруш вақтида бошқача гапирган. Ободий 2016 йил ёзида референдум — халқнинг ҳуқуқи экани, Ироқ ва Курдистон яхши қўшнилар сифатида яшаши мумкинлигини гапирган. Тўғри, ўшанда мустақил Курдистон таркибида «баҳсли ҳудудлар», жумладан Киркук вилояти бўлиши назарда тутилмаганди.

14 сентябрь куни парламент Киркук губернаторини курд бўлгани учун четлатди. Ушбу амалдор референдумнинг фаол тарафдорларидан бири бўлганди.

Бу референдумга яна кимлар қарши
Жаҳон ҳамжамияти референдумга салбий муносабатда. БМТ бош котиби Антониу Гутерриш бу референдум барибир ўтказилганидан афсус билдирди. У Ироқ Курдистони раҳбарияти расмий Бағдод розилигини олмаган ҳолда, халқаро ҳамжамият норозилигига сабаб бўлган референдум ўтказгани ҳақида гапирди.

Қўшни давлатлар қандай фикрда?
Туркия ва Эрон бу ғояга бошдан қарши эди. Анқара бу референдумни «тарихий хато» деб атади, Эрон «хавфли қадам» деб баҳолади. 

Ҳолбуки Эрон ҳам, Туркия ҳам Ироқ Курдистонида иқтисодий манфаатларга эга. Эрондан нефть маҳсулотлари Ироқ Курдистони ҳудуди орқали олиб ўтилади ва Туркиянинг Жейҳан порти орқали халқаро бозорга чиқарилади.

Лекин бу давлатларнинг ҳудудларида Ироқдаги курдлардан кўпроқ курдлар яшайди.

Туркия Арбилга нефть транзитини тўхтатиш билан таҳдид қилди. Туркияда 20 миллион курд истиқомат қилади, мамлакатда фуқаролар уруши нафаси кезиб юради. Курдларнинг Курдистон Ишчи партияси террорчи ташкилот деб эълон қилинган. Расмий Анқара ироқлик курдларнинг ташаббуси мамлакат ичкарисидаги курдларни ҳам илҳомлантиришидан ташвишда.

Эрон ҳам Ироқдаги референдумга қарши асосий кучлардан бири. Бу Ислом Республикаси ҳудудида ҳам жуда кўп курдлар яшайди ва расмий Теҳрон бу референдум натижалари минтақада навбатдаги беқарорликни келтириб чиқаради, деган фикрда. Референдум арафасида Эрон Ироқ илтимосига кўра Ироқ Курдистони билан авиақатновларни тўхтатди.

Сурия ҳукумати бу воқеаларга муносабат билдиргулик аҳволда эмас. Лекин Дамашқ минтақадаги ҳозирги вазиятдан келиб чиққан ҳолда Ироқ ҳудуди яхлитлиги тарафдори бўлиши аниқ.

Қўшни давлатлардаги курдлар қандай фикрда?
ИШИД билан жанглар олиб бораётган Сурия курдлари барча курдлар Сурия шимолида Рожава давлати байроғи остида бирлашишини исташади. Аммо шу билан бир вақтда улар ироқлик курдларнинг иродасини ҳурмат қилишларини билдиришган.

Туркиядаги курдлар мустақиллик ғоясини қўллаб-қувватлашган, лекин баъзи партиялар бу референдумга жиддий қарашмаяпти.

Хусусан, Курдистон Ишчилар партияси бу референдумни Барзонийни қудратда сақлаб қолиш учун қилинган тарғибот амалиётига тенглаштирган. КИП курдлар бунинг ўрнига «демократик автономия»га эга бўлиш учун ҳаракат қилиши кераклигини айтади.

Эрондаги курдларнинг аксар қисми Ироқдаги референдумга хайрихоҳлик билдиришди. Бу эса эронлик курдларда ҳам алоҳида ажралиб чиқиш нияти борлигини кўрсатади.

АҚШ. Курдларни ҳамиша қўллаб-қувватлаб келган, уларга ИШИДга қарши жангларда ёрдам кўрсатган Қўшма Штатлар ҳам курд халқининг иродасига қарши чиқди. АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Хизер Нойерт расмий Вашингтон Арбилдагиларнинг қароридан хавотирда эканини билдирди. АҚШ ҳукуматидагиларнинг фикрича, бу бевақт ташаббус бўлиб, референдум туфайли Ироқнинг ҳозирги ҳукумати кучсизланади ва Ободий қайта сайлана олмаслиги туфайли Ироқнинг яхлитлиги сақланиб қолиши қийинлашади.

Россия. Ироқ курдларининг энг қалин иттифоқчиси бўлган бу давлат ҳам Ироқнинг парчаланиши хавфи мавжудлигини тушуниб турибди, аммо расмий Москва курд референдумини очиқча қораламади. Россия Ироқ Курдистонига киритилган инвестициялар ҳажми бўйича биринчи ўринни эгаллайди ва Бағдодни четлаб ўтган ҳолда Арбил билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилиш бу давлат манфаатларига мос келади. Шу билан биргаликда Россия кўплаб энергетика компаниялари фаолият олиб бораётган Ироқ билан низолашишни истамайди. Шу туфайли руслар Арбил ва Бағдод музокаралар орқали вазиятга ойдинлик киритиши керак, деган позицияда.

Минтақанинг тақдири қўшни давлатларнинг якуний қарорига боғлиқ

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған референдумни конституцияга зид деб атади.

«Ироқ конституцияси нуқтаи назаридан, бу овоз бериш юридик кучга эга эмас. Исроилдан ташқари бирор бир халқаро ташкилот бу ташаббусни қўллаб-қувватламади», — деди у.

Курдлар мустақил бўлиш учун овоз берди. Туркия ҳарбий амалиёт ўтказадими?

27 сентябрь куни эса Ироқ парламенти депутатлари Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Ободийга Киркукка қўшин киритиш ҳуқуқини берди. Армия барча баҳсли ҳудудларда 2014 йил 10 июлдаги ҳолатга мос равишда жойлашиши кўзда тутилган.

Вашингтондаги Яқин Шарқ сиёсати институти профессори Дэвид Поллокнинг фикр билдиришича, «халқаро кузатувчиларда танлов ҳуқуқи ҳам бўлмади: фақат барчаси яхшилик билан тугашидан умид қилиш қолган.

«Курд амалдорларидан бири айтганидек «Донишмандлик ғалабасидан умид қиламиз», деган у.

Референдум куниёқ Туркия ва Ироқ ҳарбийлари чегара ҳудудида машғулот ўтказишга киришган. Ҳамма бу фақат машғулотлигича қолишидан умид қилмоқда.

Азиз Қаршиев

Мавзуга оид