20:25 / 28.09.2017
16650

Тошкентда 177 минг долларни ўмариш учун талончиликни саҳналаштирганлар ушланди

2017 йилнинг 21 сентябрь куни фуқаро Турдиев Яккасарой тумани ИИБга ариза билан мурожаат қилиб «Транс Гранд Азия» масъулияти чекланган жамият офисидан 177 минг АҚШ доллари миқдоридаги пуллар ўғирлаб кетилгани ҳақида маълум қилди. Унинг уқдиришича, номаълум шахслар очиқдан-очиқ талончилик йўли билан йирик миқдордаги пул маблағларини талон-торож қилган. Бу ҳақда Тошкент ШИИББ расмий вакили Дониёр Тошхўжаев маълум қилди. 

Мазкур ҳодиса юзасидан зудлик билан воқеа жойига тергов-тезкор гуруҳи етиб борганида 2 нафар номаълум шахс офисга ғайриқонуний равишда кириб, у ердаги сейфдан 177.000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олиб чиқиб кетаётганларида жамият ходими Шокиров уларни кўриб қолиб, жиноий ҳаракатларига қаршилик қилган вақтда уни скотч билан боғлаб, ҳодиса жойидан яширинганлиги аниқланган.

Ушбу ҳолат юзасидан Яккасарой тумани ИИБ Тергов бўлими ЖКнинг 166-моддаси 
4-қисми “а” банди (талончилик, яъни бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, жуда кўп миқдорда, ўзганинг мулкини очиқдан-очиқ талон-торож қилиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Шаҳар ИИББ томонидан ўтказилган тергов-тезкор тадбирлари натижасида мазкур жамиятнинг директори лавозимида ишловчи Сайдуллаев Хайрулла сейф ичида катта миқдорда пул маблағлари сақланаётганлигидан хабардор бўлган ҳолда калитдан нусха кўчириб олиб, олдиндан тузилган жиноий режасига фуқаролар Саидов Мўминжон ва Насриддинов Нодирбекларни жалб қилгани аниқланди. 

Режага кўра Саидов ва Насриддиновлар жамият биноси ҳудудига Сайдуллаевнинг ёрдами билан кириб, офисга ўрнатилган кузатув камераларига гўёки талончилик жинояти содир этилганлигини ифодаловчи ҳаракатларни амалга оширишиб, сейф ичидаги пул маблағларини эгаллаб олишган вақтда уларни жиноий ҳаракатларини тўхтатиш чорасини кўрган жамият ходими Шокировнинг қўл ва оёқларини скотч билан боғлаб, ҳодиса жойидан яширинганликлари аниқланди.   

Ҳозирда жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, уларнинг бошқа жиноятларга алоқадорликлари текширилмоқда.

Top