15:42 / 30.09.2017
8572

АҚШ соғлиқни сақлаш вазири истеъфога чиқди, у йирик можарога аралашиб қолди

Фото: AP

АҚШ соғлиқни сақлаш вазири Том Прайс истеъфога чиқди. У президент Дональд Трампга ариза ёзган, ҳамда давлат раҳбари унга имзо чеккан.

Том Прайснинг истеъфога чиқишидан сал олдин, у бизнес-жетларда мунтазам равишда давлат ҳисобидан парвоз қилгани фош этилганди. Амалдор зарурат бўлмаганда ҳам самолётларни ижарага олган. У ҳаттоки Вашингтондан Филадельфия шаҳрига ҳам парвоз қилган, ваҳоланки йўл поездда бир соатча вақтни олади.

Самолётлар ижараси учун 400 минг доллар сарфланган. Бундан ташқари, Том Прайснинг ҳарбий самолётдаги парвозлари 500 минг долларга тушган.

Том Прайс бизнес-жетлар учун харажатларнинг бир қисмини тўлаб беришга ваъда қилди. Трамп амалдор харажатларнинг фақат бир қисмини тўлашга қарор қилганидан норози.

«Трамп Прайсни ўзининг иш кабинетида икки соат давомида койиган. Бу ҳақда манбалар хабар берди», - дейилади NYT хабарида.

2017 йил сентябрь ойида ҳарбий самолётларда учгани учун АҚШ молия вазири Стивен Мначин танқид остига олинганди. У гўёки қуёш тутилишини томоша қилиш учун парвоз қилган. Амалдор буни рад этган.

Top