09:10 / 01.10.2017
24071

«ПСЖ» мураббийи пенальтини ким тепиши масаласини ҳал қилди

«ПСЖ» бош мураббийи Унаи Эмери жамоада пенальтини ким ижро этиши бўйича масалани ҳал қилган. Бу ҳақда парижликлар клуби ҳимоячиси Томас Менье Франция чемпионатининг 8-турида «Бордо»га қарши кечган ва 6:2 ҳисобидаги ғалаба билан якунланган ўйиндан кейин айтиб ўтди.

Франция чемпионатининг 6-турида «Лион»га қарши ўйиндан кейин жамоа ҳужумчилари Эдинсон Кавани ва Неймар бу масалада тортишиб қолишганди.

«Мураббий бу масалани ҳал қилди, улар пенальтини навбатма-навбат тепадиган бўлишди. Бугун Неймар пенальти тепди. Агар ўйинда ҳакам яна бир марта 11 метрли нуқтани кўрсатганида, уни Кавани ижро этган бўларди», — дея Меньенинг сўзларини келтирган Мirror.

«Бордо»га қарши ўйинда Неймар дубль қайд этди, голлардан бирини у пенальтидан урди, шунингдек Каванига голли пас берди.

«Лион»га қарши ўйинда Кавани жарима зарбасини тепмоқчи бўлганида Дани Алвес ундан тўпни олиб қўйиб, Неймарга узатганди. Кейинроқ бразилиялик футболчи уругвайлик жамоадоши пенальти тепмоқчи бўлганида ундан тўпни сўраган, аммо у рад этилганди.

Футболчилар ўртасидаги бу низога клуб президенти Носир Аль-Хелайфи ҳам аралашиб, Кавани «ПСЖ»нинг асосий пенальтичиси, Неймар – захирадаги пенальтичи бўлишини айтганди.

Top