Спорт | 11:22
1527
5 дақиқада ўқилади

Эмери бешинчи бор Европа Лигасида ғолиб чиқди

«Астон Вилла» унинг бошқарувида 1982 йилдан буён илк бор еврокубокни қўлга киритди.

«Фрайбург» – «Астон Вилла» 0:3
Голлар:
Тилеманс, 41 (0:1). Буэндия, 45+3 (0:2). Роджерс, 58 (0:3)
«Фрайбург»: Атуболу, Линҳарт (Розенфелдер, 61), Гинтер, Трой, Кюблер (Макенго, 73), Эггештайн, Ҳефлер (Ҳелер, 61), Манзамби, Грифо (Шерҳант, 73), Бесте (Гунтер, 86), Матанович
«Астон Вилла»: Мартинес, Конса, Пау Торрес (Мингс, 88), Дин (Матсен, 81), Кэш, Линделёф (Онана, 66), Тилеманс (Дуглас Луис, 88), Роджерс, Буэндия (Санчо, 81), Макгинн, Уоткинс
Огоҳлантиришлар: Трой, 5 – Буэндия, 15. Кэш, 21. Макгинн, 84

Унаи Эмери бунгача беш марта Европа Лигаси финалларида қатнашган. Ва шундан тўрттасида ғолиб чиққан («Севиля» билан уч марта, «Вилярреал» билан бир марта. «Арсенал» билан финалга чиққанида эса «Челси»га ютқазган).

«Фрайбург»га қарши бу сафарги финалда ҳам унинг жамоаси фаворит эди: финалга чиққан жамоаларнинг молиявий имкониятлари ҳам, таркибдаги футболчилар даражаси ҳам бир-биридан узоқ эди. «Астон Вилла» захира ўриндиғидаги футболчиларнинг кўпчилиги «Фрайбург»нинг асосий таркибига кира олган бўларди. Немислар жамоаси бошланғич таркибидан ўз тарбияланувчиларидан етти нафари ўрин олганди. Ўйиндаги илк зарбани айнан немислар жамоаси етакчиларидан бири Матанович йўллади. Бу зарба у қадар хавфли чиқмади. Роджерснинг жавоб зарбасини қайтариш учун эса дарвозабон Атуболу ўз маҳоратини ишга солиши талаб этилди.

Шундан кейин «Фрайбург» ташаббусни тўлиқ топширди. Ўз бу жамоа Бундеслигада ҳам тўпга эгалик қилиш бўйича мақтана олмайди. Юлиан Шустер шогирдлари тўпни жарима майдонига қанотлардан ва стандарт вазиятлардан етказиб беришга урғу қаратади. Айнан шундай узатмалардан биридан кейин Ҳефлер тўп учун курашда ютиб чиқди ва олис бурчак томон хавфли зарба йўллади, аммо зарбага аниқлик етишмади.

Майдонда рақиблар бир-бирини аямай яккакурашларга киришди ва 20-дақиқагача бош ҳакам чўнтагидан уч марта сариқ карточкасини чиқаришига тўғри келди. Бу карточкалардан бири қизил бўлиши ҳам мумкин эди, аммо Мэтти Кэш Грифога қарши ўта қўпол ҳаракат қилганида оғир жазодан қутулиб қолди.

Умуман, 40-дақиқагача жамоалар анча эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилди ва рискка бормади. «Вилла»нинг бу вақт оралиғидаги тўртта зарбасидан иккитаси ҳимоячилар томонидан тўсилди.

41-дақиқада эса инглизлар бурчак зарбасини аъло даражада ижро этишди. Бу уйда тайёрланган вазифа эди: тўп ердан ўйналди, Роджерс тўпни жарима майдони ташқарисида бўш турган Тилемансга оширди ва белгиялик яримҳимоячи тўпни тўхтатмасдан кучли зарба йўллади.

Ва «Астон Вилла» бу билан тўхтамади. Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Буэндия ҳеч қандай қаршиликка учрамасдан рақиб жарима майдонига яқинлашиб борди ва чап оёғида айланма зарбаси билан олис тўққизликни аниқ нишонга олди.

Бирмингҳэмликлар бу мавсумда йигирмата голини жарима майдони ташқарисидан уришди ва Англиянинг улардан бошқа ҳеч бир жамоаси бундай кўрсаткич билан мақтана олмайди.

Иккинчи бўлим бошида эса «Фрайбург» тўлиқ куч билан олдинга ўтганида қарши ҳужумда навбатдаги голни ўтказиб юборди. Дин, Буэндия иштирокидаги ушбу ҳужумни ҳимоячилардан илдамроқ ҳаракат қилган Роджерс гол билан якунлади. 3:0 – бу энди нокаут эди.

Ўйиннинг қолган қисмида Юлиан Шустернинг янги кучларни майдонга ташлаши ҳеч нарсани ўзгартира олмади. Буёғига «Вилла» савиядаги яққол фарқни намойиш этиб, йирик ҳисобдаги ғалабани ушлаб қолди.

Эмери яна бир бор Европа Лигасида ким хўжайин эканини намойиш этди. «Вилла» эса унинг бошқарувида 1996 йилдан буён илк совринини (Англия лигаси кубоги) қўлга киритди. Шунингдек, ушбу соврин бирмингҳэмликлар учун 1982 йилдан буён қўлга киритилган илк еврокубок бўлди, ўшанда инглизлар жамоаси Европа чемпионлари кубоги (ҳозирги ЕЧЛ) ғолиби бўлишганди.

Клуб мухлиси бўлган шаҳзода Уилям ўйинни трибунадан туриб кузатди ва ғалабани нишонлади

Бундан ташқари, энди жамоа АПЛда нечанчи ўринни эгаллашидан қатъи назар кейинги мавсумда ЕЧЛда иштирок этади. «Фрайбург» эса асосий Конференциялар лигасида имкониятини синаб кўради.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид