Жаҳон | 18:10 / 02.10.2017
13221
3 дақиқада ўқилади

Марселдаги террорчининг 8 ҳаёти бўлган

Фото: Jean-Paul Pelissier / Reuters

Франциянинг Марсель шаҳридаги Сен-Шарль вокзали яқинида 1 октябрь куни пичоқ билан йўловчиларга ҳужум қилиб, икки аёлни ўлдирган шахс полициячиларга 8 ном билан маълум бўлган. Аммо унинг асл шахсияти ҳалигача аниқланмаган.

Reuters маълумотига кўра, ушбу террорчилик ҳужуми учун жавобгарликни ИШИД зиммасига олган.

Полиция маълумотига кўра, ушбу ҳужумни келиб чиқишига кўра шимолий африкалик бўлган шахс амалга оширган. Баъзи манбаларга кўра у тунислик, бошқа манбаларга кўра эса жазоирлик.

Ўтган ҳафтанинг жума куни, терактдан аввалроқ у Лион шаҳрида дўконда ўғрилик қилгани туфайли қўлга олинганди. Аммо кейин полициячилар уни қўйиб юборишган, ўшанда унинг бармоқ излари олинганди.

Террорчининг ёнида фақат икки пичоқ ва мобил телефон бўлган, унинг ҳужжатлари бўлмаган.

Кун мобайнида матбуот унинг ёши, миллати ва бошқа маълумотлари ҳақида турли хабарларни тарқатганди.

Уни шу вақтгача жами 8 марта турли ҳуқуқбузарликлар учун қўлга олишган (ўғрилик, гиёҳванд моддалар савдоси, Франция ҳудудида ҳужжатсиз ҳаракатланиш) ва у ҳар сафар ўзини турли номлар билан таништирган.

Шу билан бирга у радикаллар рўйхатида бўлмаган.

У ҳужжатларга эга бўлмаган ҳолда Лиондан Марселга қандай етиб келгани тушунарсиз бўлиб қолмоқда. Гувоҳларнинг айтишича, у вокзалда скамейкада ҳаммадан алоҳида ўтирган, унинг ташқи кўриниши шубҳали бўлган. У бирдан ўрнидан сапчиб турган ва диний ҳайқириқлар айтиб, одамларга ташланган. Натижада, икки опа-сингил ҳалок бўлган, улардан бири 17, иккинчиси 20 ёшда эди. Улар қўшни шаҳардан Марселга қариндошлариникига келишганди.

Тез орада воқеа жойига полициячилар етиб келишган ва террорчи ўлдирилган.

Марселга Франция Ички ишлар вазири Жерар Коллон келган, у ҳодисани теракт деб баҳоламади, аммо прокуратура ишни тероризм акти сифатида ўрганмоқда. 

Қайд этиш керакки, жорий йилда Марселда террорчиларнинг хуружлари сезиларли даражада ошди. Бу порт шаҳарда жиноий гуруҳлар фаолият юритади, шу туфайли бу шаҳар террорчилик ҳужумларини амалга ошириш учун қулай шаҳар ҳисобланади.

Мавзуга оид