Жаҳон | 10:01 / 03.10.2017
14175
2 дақиқада ўқилади

Лас-Вегасда отишма уюштирган қотилга тегишли 40дан ортиқ қурол топилган

© REUTERS / Las Vegas Sun/Steve Marcus

Лас-Вегасда отишма уюштириб, 59 кишининг ҳаётига зомин бўлган Стивен Пэддок 40дан ортиқ қуролдан фойдаланган, деган полиция вакили матбуот анжуманида.

«Биз Mandalay Bay меҳмонхонасида 23та ўқотар қурол топдик, қотилнинг Невада штати Мескит шаҳридаги уйида яна 19та қурол топилган», — деган полиция вакили.

Вакилнинг қўшимча қилишича, тергов ҳануз 64 ёшли Пэддокни ягона жиноятчи деб ҳисоблайди ва унинг бир ўзи ҳаракат қилган, деб билади.

«Биз оммавий ахборот воситалари орқали тарқалаётган турли миш-мишлардан хабардормиз, лекин бу миш-мишларни тасдиқловчи бирорта ахборотга эга эмасмиз», — деган полиция зобити.

Отишма Лас-Вегас аэропорти ва Mandalay Bay казино-меҳмонхонаси оралиғида бўлиб ўтаётган мусиқий фестивал чоғида рўй берган. Ўқлар меҳмонхонанинг 32-қаватидан туриб узилган.

Сўнгги маълумотларга кўра, отишма натижасида 59 киши ҳалок бўлган, 500дан зиёд киши жароҳатланган. Ўша пайтда очиқ осмон остида ўтаётган концертни ўн минглаб киши томоша қилиб турганди. Бу ўқотар қурол билан ўлдирилган инсонлар сони бўйича АҚШ тарихидаги энг йирик қонли воқеа бўлди.

Мавзуга оид