20:00 / 04.10.2017
27651

МХХ бутун Ўзбекистон бўйлаб валютафурушларни қўлга олишда давом этмоқда

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда аҳоли ва ишбилармон доираларни валюта маблағларини эркин тарзда сотиш воситалари билан таъминлашга йўналтирилган валюта сиёсатини либераллаштириш ишлари давом этмоқда.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 2 сентябрдаги "Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича дастлабки чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори валютани тартибга солишнинг бозор механизмларини жорий этиш, тўғридан-тўғри инвестицияларни фаол жалб қилиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи ва ички бозордаги рақобатбардошлигини ошириш бўйича ҳаракатларида муҳим йўналиш ҳисобланади. 

Айни пайтда бутун мамлакат бўйлаб валюта айирбошлаш шохобчалари сони ошиб бормоқда. Бу ерда истаган киши оддий жараёндан ўтиб, валюта воситаларини эркин алмаштириш имконига эга. 

Давлат томонидан шундай шароитлар яратилишига қарамай, мамлакатда ноқонуний йўллар билан пул ишлашга уринаётган одамлар ҳам талайгина. Валюта билан ноқонуний савдо қилувчилар нафақат мамлакатнинг молиявий қонун-қоидаларини бузмоқда, балки кўп ҳолатларда сохта валюталарни ўтказиб, мижозларни алдашмоқда. 

Миллий хавфсизлик хизмати бошқармаси ходимлари Тошкент шаҳри бўйлаб "қора бозор" билан кураш доирасида Бош прокуратура қошидаги департамент ҳамда ИИББ билан ҳамкорликда йирик валютафурушни қўлга олиш бўйича махсус операция ўтказишди. Натижада 36 ёшли Дилмурод Азизов томонидан 97,8 миллион сўмга 12 минг АҚШ долларини ноқонуний сотишга бўлган уринишнинг олди олинди. Қонунга хилоф битим Яккасарой туманида Биринчи нотариал идора ёнида амалга оширилаётган бўлган.

Хоразм вилояти Қўшкўпир туманининг Миллий хавфсизлик хизмати бошқармаси ходимлари томонидан яна бир рейд амалга оширилган. У ерда Шовот туманида яшовчи Сафарбой Нуржонов 46,8 миллион сўмга 5800 долларни ноқонуний харид қилаётган вақтида қўлга олинган. Шунингдек, тинтув давомида Нуржоновдан 850 доллар, 56 минг қозоқ тенгеси, 1500 рубль ва 53 минг сўм ашёвий далил сифатида олиб қўйилган. 

Бош прокуратура қошидаги департамент Д.Азизов ва С.Нуржоновга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 177-моддаси бўйича иш қўзғатган.

Top