Жамият | 16:00 / 06.10.2017
7921
2 дақиқада ўқилади

Япониялик машҳур режиссёр Киёси Куросава Ўзбекистонга келди

2017 йилнинг 5 октябрида япониялик машҳур режиссёр Киёси Куросава бошчилигидаги “Loaded Films Co.Ltd” компанияси вакиллари Кинематографияни ривожлантириш марказида бўлиб, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, келажакда Ёш киноижодкорлар кенгаши билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, янги лойиҳалар устида ишлашга келишиб олишди.

Бу йил Ўзбекистон ҳамда Япония учун тарихий саналарга бой. Бир томондан ҳар икки мамлакат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 25 йил тўлган бўлса, яна бир тарихий сана бу Алишер Навоий номидаги Давлат Академик катта театри биносининг қурилганига 70 йил тўлишидир. Бундан 70 йил аввал халқимизнинг севимли масканларидан ҳисобланган мазкур театрнинг қурилишида япониялик ҳарбийлар иштирок этишган эди.

Фото: Киёси Куросава

Киёси Куросаванинг Ўзбекистонга ташрифидан кўзланган асосий мақсад эса ҳар икки мамлакат дўстлиги, ҳамкорлигининг ёрқин намунасига айланувчи қўшма бадиий фильмнинг суратга олинишидир.

Таниқли режиссёрнинг суратга олишни режалаштираётган фильмининг бош қаҳрамони ўзбек миллатига мансуб инсон бўлиши режалаштирилган. Суратга олиш ишлари 2018 йилнинг март-апрель ойларида бўлиб ўтиши белгиланган фильмнинг юртимизни дунёга кенг танитишга хизмат қилиши табиий. Мазкур ижодий жараёнда 40 кишидан ортиқ япониялик гуруҳ иш олиб боради.

“Ўзбеккино” миллий агентлиги, Кинематографияни ривожлантириш маркази ҳамда Ёш киноижодкорлар кенгаши фильмни суратга олишда япон киноижодкорлари билан актёрлар кастингини ташкил этиш, жараённи моддий-техник таъминлаш ва бошқаларда ҳамкорликни амалга оширади.

Япония делегацияси Марказда ёш режиссёр Мухлиса Азизова режиссёрлигидаги “Она” (“У”) фильми ҳамда Ёш киноижодкорлар кенгашининг илк ижодий иши ҳисобланган “Welcome to Bukhara” промо-ролигини томоша қилишаркан, ёшларнинг ижодига юқори баҳо беришди ва ўзбек-япон фильмида ҳам ўзбек ёшлари билан ҳамкорлик қилиш таклифини билдиришди.

Мавзуга оид