Жамият | 10:29 / 14.10.2017
16480
3 дақиқада ўқилади

Қайнотаси ва хотинини пичоқлаган шахс 25 йилга қамалди

Фото: KUN.UZ

Фурқат Шомуродов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) оила боши сифатида ҳаётини фаровонлаштириш, юзага келган муаммоларни вазминлик билан бартараф қилиш йўлидан бормай, жиззакилик, қизиққонлик қилиб, турмуш ўртоғи билан бўлар-бўлмасга жанжаллашадиган бўлиб қолди. Бундан жанжалларнинг давомийлиги сабаб қайнота-қайнонаси билан ҳам муносабатлари ёмонлашди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Жорий йилнинг 15 март санаси. Фурқатнинг хонадонида яна одатдаги жанжал авж олди. Доимий келишмовчиликлардан сабр косаси тўлган Фарида эри уйдан чиқиб кетиши билан отаси Шерали акани чақиртирди. Кўп ўтмай етиб келган Ш.Ҳайдаров қизи билан набирасини олиб кетди. Бундан хабар топган Фурқат дарғазаб бўлди. Ўзи ёлланиб ишлаётган қушхонадан пичоғини ёнига солиб, йўлга отланди. Унинг фикри-зикрини: “Буларнинг мақсади бизни ажратиш... Тинч яшашимизга қўйишмади. Ўлдираман!”, деган мудҳиш ният эгаллаб олган эди. Шу ниятда ўзининг бошқарувидаги “Матиз” автомашинасини қайнотасининг уйи томонга ҳайдади.

Йўл-йўлакай йўловчи машинада турмуш ўртоғи, қизи ва қайнотаси кетаётганини кўриб қолиб, уларни тўхташга мажбур қилди. Машинадан тушгач, қайнотаси билан бир-бирини куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлашди. Даҳанаки жанг билан “хуморидан чиқмаган” Ф.Шомуродов ёнида олиб келган “қурол” билан қайнотасига ташланди. Ота кўзи қонга тўлган куёвнинг “ҳужум”идан ҳимояланиш мақсадида шу яқин атрофдаги хонадонлардан бирига қочиб кирди. Бироқ олган тан жароҳатлари туфайли шу ерда жони узилди.

Қайнотасининг умрига зомин бўлган куёв бу билан тинчланмади. Бутунлай инсоний қиёфасини йўқотиб, энди йўловчи машинанинг ичида яшириниб ўтирган турмуш ўртоғига ташланди. Кўз ўнгида эри отасига қилган ваҳшийликдан карахт аҳволга тушиб қолган Фарида унинг навбатдаги қурбонига айланди. Турмуш ўртоғини машинадан тортиб олган Ф.Шомуродов пичоқни ишга солди. Хотини ҳам ўз жонини сақлаб қолиш учун яқиндаги хонадонга ўзини урди. Аммо Фурқат унинг ортидан таъқиб қилиб, хотинининг дуч келган жойига бир неча бор пичоқ урди. Натижада, Ф.Шотурсунова ҳам воқеа жойида ҳаётдан кўз юмди.

Суд томонидан икки инсоннинг умрига зомин бўлган Ф.Шомуродовга нисбатан 25 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Мавзуга оид