Жаҳон | 20:20 / 14.10.2017
9370
1 дақиқада ўқилади

Кенияда аламзада ўқувчи синфдошларига ҳужум қилди, қурбонлар бор

Фото: AFP 2017 / Simon Maina

Кениянинг Локичожио шаҳрида 14 октябрь эрталаб қуролланган кишилар ўрта мактабга бостириб кириб, 5 нафар ўқувчи ва қўриқчини ўлдиришган. Бу ҳақда Daily Nation маҳаллий газетаси хабар бермоқда.

"Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужумни мактабнинг бир ўқувчиси номаълум шериклари билан амалга оширган", деб айтди мактаб жойлашган Туркан округи комиссари Сейф Матата.

Комиссарнинг айтишича, аввалроқ бу ўқувчи интизомни бузгани сабабли дарслардан вақтинчалик четлатилган. Маълум қилинишича, у шундан кейин ўқитувчилари ва синфдошларига таҳдид қилган ва мактабни ёқиб юборишини айтган. 

Полиция вакилининг маълум қилишича, босқинчилар муайян ўқувчиларни нишонга олишган. Сўнгра улар қизлар ётоқхонасига йўл олиб, у ерда яна бир неча кишини яралашган. Бироқ Матата жабрланганлар ҳақида аниқ маълумот бермаган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид