Жаҳон | 09:50 / 15.10.2017
3284
2 дақиқада ўқилади

Австрияда парламент сайловлари бўлиб ўтмоқда

Фото: Flickr/magro_kr

15 октябрда Австрияда парламент сайловлари бўлиб ўтмоқда. Шу муносабат билан биринчи сайлов участкалари ўз ишини бошлаб юборди. Улардан баъзилари соат 5.00дан, баъзилари эса 10.00дан, яна бошқалари эса баъзи участкалар ўз ишини тугатаётган вақтда ўз ишини бошлайди. Мамлакат ҳукумати коммуна ва шаҳарларга сайлов участкалари ишлаш вақтини уларга қулай шаклда белгилашга рухсат беради. Бироқ барча участкалар 17.00гача ёпилиши кутилмоқда ва шундан кейин овозлар ҳисоб-китоб қилина бошланади.

Республикада 16 ёшдан катта барча фуқаролар сайлов бериш ҳуқуқидан фойдаланишлари мумкин бўлади. Австрияда сайловчилар умумий сони 6 401 304 кишини ташкил қилади ва улардан 51,7 фоизи аёллардир. 

Сайловларда 16 та партия иштирок этмоқда. Сўровномаларга кўра, улардан энг оммавийлари мамлакат ташқи ишлар вазири Себастьян Курц етакчилик қиладиган Австрия халқ партияси, мамлакат канцлери Кристиан Керн раислик қилувчи Социал-демократик партия, Ханс-Кристиан Штрахе бошчилигидаги Озодлик партияси ҳисобланади. 

Австрия парламенти – Миллий кенгаш таркибига 183 депутат киради ва улар фақат партия рўйхатлари бўйича сайланадилар. Парламент таркибига кириш учун умумий овоз берувчиларнинг камида 4 фоиз овозини тўплаш лозим.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид