Light | 00:08 / 19.10.2017
11009
5 дақиқада ўқилади

Мусобақалашишнинг қандай фойдаси бор?

Фото: Лайфхакер

Ўзингиз учун спорт билан шуғулланмасангиз ҳам, профессионал спортчи карьераси ҳақида орзу қилмасангиз ҳам, ҳаваскор мусобақаларда қатнашиб туринг. Бу сизга бошқа йўл билан топиб бўлмайдиган қониқиш ҳиссини беради, дейилади "Лайфхакер"да.

Тўғри, баъзи одамлар болалигидан мусобақаларда иштирок этади. Уларга бунинг нима учун кераклигини тушунтиришга ҳожат йўқ, бу улар учун - спортдаги ҳаётининг оддий бир қисми. Қуйидаги тавсиялар эса "ўзи учун" спорт билан шуғулланувчилар ва мусобақаларда қатнашишни истамайдиганлар учун.

1. Қўшимча мотивацияга эга бўласиз

Баъзан машғулотлар зерикарли бўлиб боради, вақти-вақти билан эса улар кайфиятингизни тушириши ҳам мумкин: масалан, бирор нарсанинг уддасидан чиқа олмаганингизда. Мусобақаларга тайёрланаётганингизда дангасалик ёки ёмон кайфият чекинади, зеро сиз олдиндаги мусобақада муносиб иштирок этиш учун мотивация оласиз.

Оддий машғулотларда сиз, англаб ё англамай, бўш томонларингизни қайта ишлашни четлаб ўтишингиз мумкин, чунки уддасидан чиқа олмаётган нарсага қайта тўқнаш келиш ёқимсиз.

Турнирга тайёргарлик вақтида эса ҳеч қандай иккиланишларсиз ўзингизнинг бўш томонларингиз устида ишлашга киришасиз ва тезкор натижаларга эга бўласиз.

Мен буни ўзимда ҳис қилдим. Сўнгги икки ойда мен 20-25 килограммли штангалар билан шуғулландим. Мусобақалардан икки кун олдин яна 10 килограмм қўшдим ва 35 килограммли штангани кўтардим.

Мусобақаларда уятга қолмаслик учун машғулот сайин янада шиддат билан ҳаракат қилардим. Қатъий дедлайнсиз бу оғирликка қандай етиб келиш мумкинлигини тасаввур ҳам қила олмайман.

2. Унутилмас ҳиссиётларга эга бўласиз

Мусобақа вақтида сиз максимал даражада диққатни жамлашга муваффақ бўласиз, имкониятларингиз эса ошиб боради. Буларнинг бари адреналин ҳисобига рўй беради.

PIT (The People, Ideas and Things) журналида чоп этилган илмий мақола бу гормоннинг қандай ишлашига изоҳ беради.

Адреналин юрак ритми ва қон босимини оширади, юракнинг қон ишлаб чиқариш хусусиятини яхшилайди. Қон томирлари скелет мушаклари ва бош мияга кўпроқ озуқавий моддалар етказиб беради, бунинг ҳисобига эса диққатни жамлаш жараёни яхшиланади.

Шунингдек адреналин юракка қон етиб бориш жараёнини секинлаштириб, баъзи қон томирларнинг қисқаришига олиб келади. Бу керакли соҳаларда озуқавий моддалар билан тўйинган қонни ушлаб туради ва фаолликни узайтиради.

Қонингиздаги адреналин миқдори юқори бўлганида ўзингизни кучли, тезкор ва ҳушёр ҳис қиласиз. Бу жуда фараҳбахш туйғу.

3. Ўз имкониятларингиз чегарасини билиб оласиз

Организмимиз энергияни сақлаб қолишга созланган, шунинг учун оддий машғулотларда доим кўпроқ ҳаракат қилишга тўғри келади. Шунда ҳам тана қўшимча мотивация ва махсус шарт-шароитларсиз тўлиқ шуғулланишга имкон бермайди.

Машғулотларда танаффуссиз кўпи билан 10 марта тортила олардим ва бундан ортиғи қўлимдан келмайди деб ўйлардим. Мураббий мусобақалар учун танаффуссиз 20 марта тортилиш керак деди. Икки карра кўп! Машғулотларда бор кучим билан ҳаракат қилдим ва бор-йўғи 13 марта тортилдим. Мусобақада эса 23 марта тортилишга муваффақ бўлдим!

Мусобақаларда энергияни сақлаш блоки ечилади. Сиз ҳар бир машқни мушакларингиз рад этгунча бажарасиз, жисмоний имкониятларингизнинг борини ишга соласиз. Шу тариқа имконият чегараларингизни билиб оласиз ва нималарга қодир эканингизни англаб етасиз.

4. Қулайлик зонасидан чиқасиз

Мусобақаларда биринчи марта қатнашиш жуда ҳаяжонли, айниқса майдонга чиққунга қадар. Бироқ иштирокдан кейин қўрқув ўрнини қониқиш ҳисси эгаллайди. Бунда сизнинг ғолиб ё мағлуб бўлганингиз муҳим эмас - бу бошқа йўл билан тўплаб бўлмайдиган тажриба.

5. Мулоқот доирангизни кенгайтирасиз

Мусобақаларга турли мамлакат ва шаҳарлардан одамлар ташриф буюради. Бу сиз билан қизиқишлари бир бўлган кишилар билан танишишнинг ажойиб усулидир.

Сиз вақтингизни ёқимли ўтказишингиз, кўплаб ижобий тасаввурларга эга бўлишингиз ва янада кучли атлетлар билан танишишингиз мумкин.

Мусобақаларга тайёрланинг, иштирок этинг ва доим ундан-да катта марраларни кўзланг, шунда спорт сизга илҳом бахш этишдан тўхтамайди.

Мавзуга оид