Спорт | 19:15 / 21.10.2017
8945
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонлик самбочи қиз Сербиядан олтин медаль олиб келди

20 октябрь куни Нукус аэропортида Сербия давлатида 12-16 октябрь кунлари  самбо кураши бўйича 1999-2001 йилларда туғилган қизлар ўртасида ўтказилган Жаҳон чемпионатининг биринчи ўрин совриндори Клара Дарменбаевани кутиб олиш маросими ўтказилди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон ахборот агентлиги хабар берди.

Уни спорт фахрийлари, Қорақалпоқ давлат университети жамоаси, спортчининг туғилиб ўсган жойи – Нукус тумани Саманбой ОФЙ вакиллари, Нукус шаҳар хотин-қизлар бўлими ва ОАВ вакиллари кутиб олди. 

Жаҳон чемпионатида 50га яқин давлатлар спортчилари иштирок этиб, унда К.Дарменбаева 60 кг. вазнда қатнашди. 

У спортнинг самбо тури билан 8 йилдан буён шуғулланиб келмоқда. Шунинг натижасида икки карра Осиё чемпиони, бир неча маротаба Ўзбекистон чемпиони бўлди. Ўтган йили Руминияда ўтказилган Жаҳон чемпионатида 2-ўрин соҳибаси бўлган. Бу йилги чемпионатда омад унга кулиб боқиб, Польша, Сербия, Россия давлатларидан қатнашган спортчилардан устун келиб, олтин медаль билан мукофотланди. 

Клара спортнинг кураш, дзюдо турлари билан ҳам шуғулланади. Ўтган йили апрель ойида Самарқанд вилоятида ўтказилган дзюдо бўйича Ўзбекистон чемпионатида 1-ўринни эгаллаб, Қорақалпоқ давлат университети жисмоний тарбия ва маданияти факультетига имтиҳонсиз ўқишга қабул қилинган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид