Ўзбекистон | 19:20 / 23.10.2017
44982
4 дақиқада ўқилади

Туркияда Мирзиёевнинг ташрифига қандай муносабатда бўлишмоқда? 

Фото: Sabah

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга сафари олдидан ушбу давлатдаги энг етакчи нашрлардан бири – “Анадолу” ахборот агентлиги сайтида Ўзбекистонга бағишланган мақола эълон қилинди. Қуйида унинг ўзбек тилига таржима қилинган шакли тақдим этилади. 

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келгандан бери мамлакат ташқи сиёсати тарихида янги даврни бошлади. 

Бунга ислоҳотлар, ошкоралик сиёсати ва қўшни мамлакатлар билан яхши қўшничилик алоқаларини ўрнатишга қаратилган саъй-ҳаракатлар ёрдам берди.

Мирзиёев давлат раҳбари лавозимини расман 2016 йил 14 декабрдан бажаришга киришиб, бу лавозимда мамлакатни 27 йил бошқарган марҳум Ислом Каримовни алмаштирди.

Мирзиёев лавозимга киришганидан сўнг дарҳол «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракат стратегиясини» тасдиқлади.

Стратегия яқин беш йилликда мамлакатни ривожлантиришнинг ўзига хос дастуридир.

Мирзиёев президентлик лавозимидаги фаолиятининг дастлабки ўн ойида 13 та хорижий ташрифни амалга оширди. Уларнинг аксарияти Тошкент ташқи сиёсий курси асосига айланган яхши қўшничилик муносабатларини ўрнатиш ва сақлаб қолишга қаратилган эди.

Мирзиёев Туркманистон, Қозоғистон, Россия, Хитой ва Қирғизистон билан муносабатларни мустаҳкамлашга муваффақ бўлди.

Шунингдек, Ўзбекистон президенти Саудия Арабистонидаги ислом етакчилари саммити ва БМТ Бош Ассамблеясининг мажлисида ҳам иштирок этди. Ушбу давр мобайнида Ўзбекистон раҳбари Қозоғистонга тўрт марта ташриф буюрди, Туркманистонга уч марта борди ва Россияга икки ташрифни амалга оширди.

Ўзбекистон раҳбари Тожикистондан ташқари минтақанинг бошқа барча давлатларида бўлди. Ташрифлар доирасида икки томонлама муносабатлар ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди.

Мирзиёев даврида Ўзбекистон ва Туркия муносабатлари

Узоқ вақт давомидаги турғунликдан кейин Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар фаоллаша бошлади, бунга икки давлат етакчисининг ўтган йил ноябрь ойида Самарқанд шаҳридаги учрашуви сезиларли даражада кўмак берди.

Тошкентда Туркия ва Ўзбекистоннинг Қўшма иқтисодий комиссияси йиғилиши бўлиб ўтди. Ўзаро ташрифлар, жумладан, бош вазир ўринбосарлари даражасида бўлиб ўтди. Жорий йилнинг бошидан буён Туркия-Ўзбекистон амалий форумлари уч бора ўтказилди.

Президентлар Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва Шавкат Мирзиёев бир қатор халқаро саммит ҳамда йиғилишлар доирасида учрашувлар ўтказди.

2017 йилнинг 25-27 октябрь кунлари Мирзиёевнинг Туркияга ташрифи режалаштирилган. Ушбу ташриф Ўзбекистон давлати раҳбарининг сўнгги 18 йил ичида Анқарага илк ташрифи бўлади.

Сиёсатшуносларнинг фикрича, Ўзбекистоннинг ҳозирги раҳбарияти томонидан олиб борилаётган очиқлик ва муроса курси Марказий Осиё мамлакатлари позицияларини бирлаштириш учун асос бўлиши мумкин. Улар мустақиллик қўлга киритилгандан кейин ҳам минтақавий, ҳам халқаро миқёсда умумий сиёсий йўналишни ривожлантира олмади.

Минтақадаги барча давлатлар билан чегарадош Тошкентнинг саъй-ҳаракатлари минтақа фаровонлигига, Марказий Осиёда барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшиши ҳақида фикрлар билдирилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид