Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
МХХ 3 минг долларни олган фирибгарни ушлади
Ўзбекистонда олий ўқув юртларига кириш жараёнида ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш учун бир қатор чора-тадбирлар мунтазам равишда амалга оширилмоқда. Бироқ, маълум бир маблағ эвазига ОТМга ўқишга киришда кўмак кўрсатишни ваъда қилиб, ишонувчан фуқаролар ҳисобидан пул орттириб олиш илинжида бўлганлар ҳали ҳам учраб турибди.
Фирибгарлар фарзандлари учун ҳар нарсага тайёр бўлган ота-оналарни гўёки юқори доираларда алоҳида алоқаларга эга эканликлари ҳамда ўқишга киришда ёрдам кўрсатишлари мумкинлигига ишонтиришмоқда. Алдовга учраган навбатдаги фуқародан керакли пулни олгач, улар шунчаки изсиз ғойиб бўлишади.
Куни кеча Миллий хавфсизлик хизмати тезкор ходимлари Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент вакиллари билан биргаликда минтақавий ОТМлардан бирига қабул қилиниш учун пул талаб қилган шахсни ашёвий далил билан қўлга олдилар.
МХХ идораларига Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида яшовчи фуқаро ариза билан мурожаат қилиб, Акмал исмли шахс ўғлининг Фарғона давлат университети биология факультетига қабул қилинишига ёрдам бериши учун 6 минг АҚШ доллари талаб қилаётганини хабар берган.
"Ушбу ариза асосида тезкор гуруҳ тузилди, у Марғилон шаҳридаги “Ҳумо” танталар уйи яқинида аризачи томонидан кўрсатилган пулнинг бир қисми – 3 минг АҚШ долларининг берилиши вақтида эркакни қўлга олди. Дастлабки тергов давомида аниқланишича, қўлга олинган шахс Данғара туманида яшовчи 31 ёшли Акмал Расуловдир", - дея хабар берди куч маҳкамаси вакили.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ушбу ҳолат бўйича А.Расуловга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) бўйича жиноий иш қўзғатди. Тергов давом этмоқда.