Ўзбекистон | 16:40 / 25.10.2017
26571
3 дақиқада ўқилади

Туркия ОАВ: Ўзбекистон раҳбарининг Анқарага ташрифи тарихий аҳамиятга эга

Фото: Anadolu

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга ташрифи тарихий аҳамиятга эга, сабаби у узоқ вақт давомида турғун ҳолатда бўлган Анқара билан Тошкент ўртасидаги икки томонлама муносабатлар ривожига туртки беради, дея ҳисоблайди экспертлар. Бу ҳақда «Анадолу» ёзмоқда.

Мирзиёевнинг Анқарага ташрифи Ўзбекистон Республикаси давлат раҳбари даражасида сўнгги деярли 20 йил давомидаги биринчиси бўлди.

Бундан ташқари, ташриф Анқара ва Тошкент муносабатларини сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқиш имконини беради ҳамда Туркиянинг Евроосиё қитъасидаги фаолияти нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга, дея таъкидлайди экспертлар.

«Мирзиёев бир йил муқаддам Ўзбекистон президенти лавозимини бажаришга киришди. Халқаро кузатувчиларнинг баҳолашича, Ўзбекистон келгуси 10 йил ичида ҳам Марказий Осиёда, ҳам Евроосиёда энг тез ривожланадиган мамлакатга айланади, аҳоли жон бошига ЯИМнинг энг тез ўсиб боришини намойиш этади», - дея айтиб ўтди Туркиянинг Каппадокия Университети ўқитувчиси, профессор Ҳасан Али Қорасар «Анадолу» агентлигига. 

Унинг сўзларига кўра, ҳозирги вақтга қадар икки давлат муносабатларни керакли даражага олиб чиқишнинг уддасидан чиқа олмади, бироқ мамлакат етакчилари бунинг учун барча ишни қилишда давом этишмоқда. «Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев сўнгги бир йилда тўрт марта музокаралар ўтказди. Туркия раҳбарининг Самарқандга ташрифи вақтида икки томонлама муносабатларни фаоллаштириш ҳақида қарор қабул қилинди, тегишли йўл харитаси тайёрланди. Айни дамда икки давлат ўртасидаги товар айланмаси 1,3 миллиард долларни ташкил этади. Анқара ва Тошкент беш йил ичида бу кўрсаткични бешга, кейинги 10 йилда эса – 10 миллиард долларга қадар оширишни режалаштирмоқда», - деди Қорасар.

Профессорнинг таъкидлашича, президент Эрдўған ўзбекистонлик ҳамкасби билан Пекин, Остона ҳамда Нью-Йоркда бўлиб ўтган кенг миқёсли халқаро тадбирлар доирасида учрашувлар ўтказди. Бу эса, унинг сўзларига кўра, Туркия келажакда Ўзбекистонга алоҳида аҳамият қаратишидан дарак беради.

Икки мамлакат ўртасида нафақат ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини кўпайтириш, балки туризм, қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон саноати ва авиация каби соҳаларда ҳам муносабатларни ривожлантириш бўйича батафсил иш режаси ишлаб чиқилган. «Шунинг учун Мирзиёевнинг Туркияга ташрифи жуда муҳим аҳамиятга эга, дейишим мумкин. Биз ушбу ташрифни тарихий деб биламиз, чунки у келгуси 5-10 йил ичидаги икки томонлама муносабатлар йўналишини белгилаб беради», - дея айтиб ўтди Қорасар.

Мавзуга оид