Ўзбекистон | 14:20 / 25.10.2017
9687
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон 1 млрд долларлик тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилади

Фото: ФПГ Энергоконтракт

Ўзбекистон XIII халқаро пахта ва тўқимачилик маҳсулотлари ярмаркаси давомида тайёр ва ярим тайёр тўқимачилик маҳсулотларини 1 миллиард доллардан ортиқ миқдорда экспорт қилиш бўйича шартномалар имзолади.

UzDaily хабарига кўра, Россия, Туркия, Жанубий Корея, Сингапур, Молдова ва бошқа мамлакатлардан келган компания вакиллари билан шартномалар тузилди.

Тошкентда XIII халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркаси 23—24 октябрь кунлари бўлиб ўтди. Ярмаркада дунёнинг 50 мамлакатидан 1500дан ортиқ мутахассис иштирок этди.

Ўтган йили бўлиб ўтган ярмарка жараёнида Ўзбекистон 1,32 миллиард долларлик тўқимачилик маҳсулотлари ва 550 минг тонна пахта толасини сотиш бўйича шартномалар имзолаганди.

Ўзбекистон Президенти 2016 йилнинг охирида «2017—2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида» қарорни имзолаган эди. Дастурда умумий миқдори 2,2 миллиард долларлик 130 дан ортиқ инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилган.

Ўзбекистон тўқимачилик саноати тармоғи 2016 йилда 1,146 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилган. 2017 йилда бу рақам 1,3 миллиард долларни ташкил этиши кутилмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид