Жамият | 22:10 / 26.10.2017
53788
6 дақиқада ўқилади

Маҳалланинг бор газини «​йўқ»​ қилганлар ким?

Kun.uz таҳририятига Хоразм вилояти Хива туманидан бир неча кишилар томонидан имзоланган мурожаат келиб тушди. Унда Хива тумани «Журён»​ ҚФЙ «Арвик»​ маҳалласида жойлашган 462та хонадон на табиий газ, на суюлтирилган газ баллон ёхуд кўмир билан таъминлангани ҳақида сўз борарди. Kun.uz мухбири воқеани батафсил ўрганиш мақсадида Хоразм вилоятига йўл олди.

Илк пайдо бўлган савол – нега газ йўқ? Ахир, бирон сабабга кўра, табиий газ етказиб берилмас, шунинг учун кўмир ёки суюлтирилган газ баллондан фойдаланиш зарурдир. Аммо, маҳалла фуқароларининг айтишича, жорий йилнинг баҳор ойларида ҳам табиий газ узлуксиз етказиб берилган.

«Хиватумангаз»​ филиали собиқ бошлиғи Қ. Абдуллаевнинг 2013 йилда берган маълумотига кўра, «Арвик»​ маҳалласидаги 458та хонадон табиий газ етиб бормайдиган ҳудудлар рўйхатига киритилмагани сабабли куз-қиш мавсумида табиий-газ билан аҳолини таъминлаш чора-тадбирлари кўрилган. Жорий йилда Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2013 йил қабул қилинган «Хоразм вилояти истеъмолчиларини ёқилғи энергетика ресурслари билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида​»ги 193-сон қарорини амалда ижро этилишини назорат қилиш билан ҳамма муаммо бошланди.

Қарорда кўрсатилишича, «​Арвик»​ маҳалласида 14та хонадон узлуксиз табиий газ таъминотига эга бўлиб, 300та уй табиий-газ етиб бориши қийин бўлган ҳудудда жойлашгани туфайли кўмир ёки суюлтирилган газ баллонлари билан таъминланиши эътироф этилган. Ҳужжат иловасида «Арвик»​да фойдаланишда бўлган ҳеч қандай ижтимоий ва иқтисодий объектлар кўрсатилмаган.

Маҳаллий мутасадди шахслар Вазирлар Маҳкамаси қабул қилган қарор тўлиқ ижро этилмаётгани, яъни табиий-газ етиб бориши қийин, дея эътироф этилиб, амалда аҳоли бундай неъмат билан «сийлангани»ни аниқлашган. Оқибатда, газ қувури кесилиб, табиий газ таъминоти 2017 йил баҳорда тўхтатиб қўйилган.

«Арвик»​ ҚФЙ раиси Р.Нурметовнинг айтишича, ҳудуд 3та кичик маҳаллаларга бўлинган бўлиб, «Арвик»​да 462, «Чинобод»​да 336, «Хистиён»​да эса 147та хонадон истиқомат қилади. Шундан «Чинобод»​ ва «Хистиён»​даги 483та хонадон тўлиқ тартибда суюлтирилган газ баллонлари ҳамда кўмир билан таъминланган. Аммо таҳририятга мурожаат қилган, «Арвик»​ маҳалласи аъзолари эса бундай бахтдан мосуво.

Kun.uz мухбирини ўз ўрнида бир нечта саволлар қизиқтирди, жумладан, чиндан ҳам ВМнинг 193-сон қарорида кўрсатилган 14та хонадон газ билан таъминланганми, аслида 462та хонадон истиқомат қиладиган ҳудудда нега «314та уй-жой бор»​, деб кўрсатилган?! Қолаверса, «Арвик»​ маҳалласи табиий газ етиб бориши қийин ҳудудда ҳам жойлашмаган, бунинг устига халқ ҳашар йўли ўз пулига газ қувурини келтирган бўлса. Ачинарлиси, бу маҳаллада дорихона ва мактаб бор. Вазирлар Маҳкамасининг қарорида «кўрсатилмаган»​ мактабнинг ҳам газини узиб кетишган. Ўқувчилар учун қайғуриб турган директор кириб келаётган куз-қиш мавсумида хоналарни қандай иситишни ўйламоқда.

«Балки, кўмир олиб ёқармиз. Аммо мактабнинг таъмири янги эди, печка қуриб, кўмир ёқсак, у ҳам қорайиб кетади», дейди у. Афсуски, директор ҳали печка қуриш учун маблағни қаердан олишни билмайди.

Маҳалла фаоллари бир неча бор тегишли идораларга мурожаат қилиб, «бизнинг нега газимизни узиб кетишди», деб сўраганларида, «ВМ қарорида шундай кўрсатилган, уни ўзгартиришга бизнинг ҳаққимиз йўқ»​, деган важ билан жавоб бериб келишгани айтилади. 

Kun.uz мухбири «аҳолига газ етиб бормайди», дея қувурлар кесилган маҳалладан нари борса 200 м масофада ишлаб турган ғиштхонага кўзи тушди. Корхона барча расмий ҳужжатлар билан ишлаб келмоқда, унинг таъминоти аҳоли учун мўлжалланмаган, аммо халқнинг ғамини ўйламай, кўр-кўрона иш тутиш, болалар таълим олаётган мактаб биносини иссиқлик манбаисиз қолдириш инсофданми?

Хоразм вилояти «Шимолгазтаъминот»​ УК раҳбарининг Kun.uz'га маълум қилишича, ижтимоий объектлар ва аҳоли кўмир, суюлтирилган газ баллонлари билан таъминланади. «Ахир улар 193-сон қарорда кўрсатилмаганку?», дея сўралган мухбирнинг саволига корхона раҳбари аниқ жавоб бера олмади. У юқоридаги сўзларни қатъий қилиб такрорлади.

Раҳбарнинг айтишича, чалкашликка ким йўл қўйганини у билмайди, аммо ҚФЙ раисининг ўзи «табиий-газ таъминотида босим пастлиги туфайли» хизматдан воз кечганини қистириб ўтди. Шунга қарамай, бу ҳақда бирон ҳужжат тақдим этишга ожиз қолди. Боз устига, ҚФЙ раиси асло бундай маълумотнома ё илтимоснома киритмаганини мухбирга​ жаҳл билан сўзлаб берди.

Азиз, ўқувчи! Сўнгги сўз ва хулоса ўзингиздан, сохта рақам ва ёлғон маълумотни ўзидан юқори турувчи органга юбориб, аҳолини табиий газдан маҳрум қилган, унинг устига ана шу рақамлар асосида чиқарилган қарорни барча шикоятларга рўкач қилиб турганларнинг қинғир иши ўрганиладими, буни кузатиб борамиз.

Мавзуга оид