Жаҳон | 16:32 / 28.10.2017
4943
1 дақиқада ўқилади

Мадрид Каталония раҳбарининг ваколатларини Испания бош вазири ўринбосарига берди

Фото: Reuters

Испания ҳукумати Каталония президенти ва вице-президенти ваколатларини бажариш мажбуриятини мамлакат бош вазири ўринбосари Сорайя Саэнс де Сантамарияга юклади.

Каталония ҳукуматидаги бошқа вазирлар мажбуриятларини Испания ҳукуматининг тегишли идоралари раҳбарлари бажаради, деб хабар бермоқда El Pais.

Нашрнинг таъкидлашича, Каталония президенти Карлес Пучдемон ва унинг ҳукумати аъзоларини лавозимдан четлатиш ҳақидаги ҳужжатларда хизмат учун ташаккур билдириш, каби оддий жумлалар йўқ.

Саэнс де Сантамария Каталония телекоммуникациялар ва ахборот технологиялари марказини ҳам назорат қилади. El Pais’нинг ёзишича, ҳукумат айирмачилар марказни параллель ҳукуматни шакллантириш учун фойдаланишидан хавфсирамоқда. 

Мадрид Каталония ҳукумати ва парламенти тарқатиб юборилиши ҳақида, Каталония парламенти 27 октябрь куни кечқурун минтақанинг Испаниядан мустақиллиги ҳақида маълум қилганидан сўнг эълон қилди. Испания ҳукумати ғоясига кўра, 21 декабрь куни Каталонияда янги сайловлар бўлиб ўтиши керак.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид