Спорт | 07:56 / 30.10.2017
5076
3 дақиқада ўқилади

Льюис Ҳэмилтон "Формула-1" пойгаларининг 4 карра чемпионига айланди

Фото: EPA

Британиялик пойгачи, "Мерседес" жамоаси аъзоси Льюис Ҳэмилтон Мексика Гран-приси натижаларига кўра фаолиятида 4-марта "Формула-1" пойгаси чемпионига айланди. Пойгачи бундан жуда хурсандлигини, бироқ пойганинг ўзидан кўнгли тўлмаганини айтиб ўтган. 

Ушбу пойга Льюис учун унча муваффақиятли кечмади. Пойгачи ўзининг асосий рақиби Себастьян Феттель билан курашда пойганинг биринчи даврасидаёқ у билан тўқнашиб, болиди ғилдиракларини тешиб олди. Оқибатда у охирги ўринга тушиб кетган ҳамда бутун пойга давомида олдинга чиқишга ҳаракат қилган. Натижада Ҳэмилтон маррага тўққизинчи бўлиб келди ва пойга ғолиби, голландиялик Макс Ферстаппенга бир даврадан кўпроқ вақт ютқазган. Бироқ бу натижа британиялик пойгачига муддатдан аввал чемпионликни қўлга киритишига етарлилик қилди.  

"Бу чемпионлик унвонини қўлга киритишнинг энг расво йўли бўлса керак, бироқ нима ҳам қила олардик? 40 сония ортда қолиш – бу таназзулдир. Бироқ мен қандай бўлмасин бой берилган сонияларни ютишга ҳаракат қилдим, шу сабабли ҳозир аралаш туйғуларни ҳис қилмоқдаман", деб айтган чемпион.

Чемпионат якунланишига икки босқич қолганда Ҳэмилтон рақиблари учун етиб бўлмас даражада ўзиб кетди. Унинг ҳисобида 333 очко, унинг ортидан келаётган Феттелда эса 277 очко бор. Британиялик пойгачи чемпионлик унвонлари сони бўйича франциялик Ален Прост билан тенглашди. Бундан кўпроқ чемпионликни аргентиналик Хуан Мануэль Фанхио (5 марта) ва афсонавий Михаэль Шумахер (7 марта) қўлга киритганлар.

Ҳэмилтон "Формула-1"даги фаолиятини "Макларен" жамоасида бошлаган. У жамоа учун 6 мавсум ўтказган ва бир марта чемпион бўлган (2008 йил). 2013 йилда пойгачи "Мерседес" жамоасига ўтган ва у билан бирга яна уч марта чемпионликка эриша олган (2014, 2015, 2017 йиллар). 

Ҳэмилтоннинг ҳисобида ҳаммаси бўлиб "Формула-1"да 206 та пойга бўлиб, ундан 62 тасида асосий пойгада ғалаба қозонган ва 72 тасида поул-позишнни эгаллаган, бу эса "қироллик пойгалари" учун рекорд натижа ҳисобланади.

Мавзуга оид