17:50 / 01.11.2017
21947

Нодирбек Абдусатторовга президент совғаси топширилди

Фото: Ўзбекистон шахмат федерацияси

Шахмат бўйича жаҳон чемпиони, ёш халқаро гроссмейстер Нодирбек Абдусатторовга президент совғаси топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда. 

Шу муносабат билан Шахмат бўйича республика ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабида тадбир бўлиб ўтди. 

Ёш шахматчи Нодирбек Абдусатторов 2011 йили икки йирик мусобақа – Ҳиндистонда мактаб ўқувчиларининг Осиё чемпионатида олтин ва Филиппинда ўсмирлар ўртасидаги қитъа биринчилигида бронза медални қўлга киритган. 2012 йил Словениянинг Марибор шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида олтин медалга сазовор бўлган, Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида мактаб ўқувчилари ўртасидаги VIII Осиё чемпионатининг рапид – тезкор шахмат баҳсларида кумуш медаль билан тақдирланган. 

2014 йили пойтахтда ўтказилган шахмат бўйича Осиё чемпионатида Нодирбек Абдусатторов ўн ёшгача бўлган шахматчилар баҳсида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган, блиц турнирда эса кумуш медални қўлга киритган. Жанубий Африка Республикасининг Дурбан шаҳрида бўлиб ўтган шахмат бўйича 8-18 ёшли ўғил-қизлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иккинчи ўринни эгаллаган. 

2016 йили Россиянинг Сочи шаҳри мезбонлик қилган мактаб ўқувчилари ўртасидаги жаҳон чемпионатида иккита олтин медалга сазовор бўлган. 2016-2017 йилларда Россия ва Бирлашган Араб Амирликларида ўтказилган нуфузли мусобақаларда муносиб иштирок этиб, халқаро гроссмейстер талабини бажарган. 

Жаҳон чемпиони, халқаро гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов президент Шавкат Мирзиёев томонидан энг сўнгги русумдаги замонавий ноутбук билан тақдирланди. 

Top