Иқтисодиёт | 07:22 / 02.11.2017
11729
2 дақиқада ўқилади

Россия Хитой газ танқислигига дуч келишидан огоҳлантирди

Фото: Reuters

Айни вақтда Россия бош вазири Дмитрий Медведев билан Хитойда бўлаётган "Газпром" компанияси раҳбари Алексей Миллер Хитой томонини газ танқислиги юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Миллернинг айтишича, Хитойда газ истеъмол қилиниши ҳажми кескин кўпайгани сабабли у газ танқислигига дуч келиши мумкин. "Хитойда январь-сентябрь ойлари мовий ёнилғи истеъмоли 18 фоизга, яъни 168 млрд куб метргача ошганини кўрмоқдамиз. 26 млрд куб метр газ кўпроқ истеъмол қилинган", деб айтган Миллер.

Миллер шунингдек Хитой томондан газ импорт қилиниши ҳам ошганини таъкидлаб ўтди: дастлабки 9  ой ичида газ импорти 22 фоиз, яъни 67 млрд куб метргача ошган, олиб кирилган газнинг 55 фоизи суюлтирилган газга тўғри келади. "Бунинг сабаби аён – Хитойда газ қазиб олиш ҳажми секин ўсмоқда, Марказий Осиёдан қувурлар орқали етказиб бериладиган газ жорий талабга мос эмас. Жорий иситиш мавсумида Хитой яна газ етишмовчилигига дуч келади", деб огоҳлантирган Миллер.

Миллар Пекин бу борада Хитойнинг газга эҳтиёжларини қондиришда ёрдам беришга тайёр бўлган Россияга ишониши мумкинлигини айтган.

Россия ва Хитой 2014 йилда "Сибир кучи" номли газ қувурини қуриш ҳақида келишиб олган ва йилига 38 млрд куб метр газ етказиб беришга шартномани имзолаган. Шартнома 30 йилга тузилган, унинг қиймати 400 млрд долларга баҳоланган. Бу қувур орқали Хитойга газ етказиб берилиши 2018 йилдан бошланиши кутилмоқда.

Мавзуга оид