Жамият | 17:10 / 10.11.2017
14017
3 дақиқада ўқилади

Тилла қуймалар ва телефонларнинг ноқонуний олиб ўтилиши олди олинди

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида хориждан кўп миқдордаги қимматбаҳо телефонларни божхона назоратидан четлаб олиб киришга уринган кимсалар ҳақида аввал ҳам хабар берилган эди. Орадан кўп ўтмай пойтахт аэропорти божхоначилари ходимлари яна худди шундай божхона қоидабузарлигини фош этишди. Бу ҳақда KUN.UZ'га “Тошкент-Аэро” ИБК ахборот хизмати хабар берди.

Амалдаги тартибларга кўра, рухсат этилган меъёрлардан ортиқча бўлган уяли алоқа воситаларини республикага олиб киришда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг рухсати талаб этилади.

Фото: “Тошкент-Аэро” ИБК

Аммо, “Сеул-Тошкент” рейси бўйича парвозини якунлаган фуқаро Умидбек Латифов (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) ушбу тартибларга риоя қилмади. Божхона назоратидан ўтиш давомида у йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида ҳам ёнида ортиқча товарлар йўқлигини маълум қилади.

Лекин, унга тегишли багаж назорат-рентген аппаратидан ўтказилганда, юклар орасида темир қутилар божхоначиларнинг диққатини тортди. Ушбу темир қутилар белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, улар орасига муқаддам фойдаланилган турли русумдаги  133 дона уяли алоқа воситалари яширилганлиги маълум бўлди. 

Кейинчалик қайта сотиш мақсадида олиб кирилган ушбу телефонларнинг тахминий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 64,5 млн. сўмдан ошар экан.

Фото: “Тошкент-Аэро” ИБК

Шунингдек, “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари тилла ва заргарлик буюмларининг ноқонуний олиб чиқилишига доир навбатдаги божхона қоидабузарлигини ҳам фош этишди.

“Тошкент-Деҳли” йўналиши бўйича парвозга отланган опа-сингиллар Дилдора ва Диёра Ғофуровалар тилла қуймаларни божхона назоратидан четлаб олиб чиқиш мақсадида божхоначиларнинг кўзини шамғалат қилишга уринишган пайтда тўхтатиб қолинди.

Ушбу аёллар холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганида Дилдора Ғофурова 130 гр. оғирликдаги 2 дона ва Диёра Ғофурова 100 гр. оғирликдаги 2 дона тилла қуйма бўлакларини ички аъзоларига яширган ҳолда олиб чиқишаётгани аниқланди.

Фото: “Тошкент-Аэро” ИБК

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда. 

Таъкидлаш жоизки, “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 1,1 мингдан зиёд божхона қоидабузарликлари натижасида қиймати 9 млрд. сўмдан ортиқ товар-моддий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.

Фото: “Тошкент-Аэро” ИБК
Фото: “Тошкент-Аэро” ИБК

 

Мавзуга оид