Ўзбекистон | 16:45 / 10.11.2017
9245
3 дақиқада ўқилади

Жаҳон банки ва Ўзбекистон сув таъминоти соҳасидаги ислоҳотларни муҳокама қилди

Фото: Uzdaily

Сўнгги ўн йил мобайнида Ўзбекистон ҳукумати сув таъминоти ва санитария (СТС) хизматлари модернизациясига катта маблағлар йўналтирди, Ушбу масала бўйича эришилган ютуқларга қарамасдан мамлакат фуқаролари, айниқса, қишлоқ жойларда ҳамон тоза ичимлик суви билан муаммоларга дуч келишмоқда. 

Жаҳон Банки СТС тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш ва ҳукуматнинг аҳоли сув таъминоти соҳасини ислоҳ қилиш дастурини амалга ошириш учун техник ёрдам кўрсатиш орқали мамлакатдаги СТС секторини қўллаб-қувватлашни давом эттирмоқда.

Жорий йилнинг 7 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Жаҳон банки ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан ташкиллаштирилган бир кунлик семинар бўлиб ўтди. Тадбирда Жаҳон банки экспертлари ва Ўзбекистон вазирликлари ҳамда идоралари вакиллари қатнашдилар. Иштирокчилар СТС секторини ривожлантириш йўлидаги мавжуд муаммолар ва тўсиқларни муҳокама қилиб, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида СТС хизматларидан барқарор фойдаланишни таъминлайдиган бир қатор сиёсий ва институционал ечимларни кўриб чиқдилар.

«Айни дамда Жаҳон банки билан ҳамкорликда Бухоро ва Самарқанд шаҳарлари, шунингдек, Сирдарё ҳамда Бухоро вилоятлари туманларида маҳаллий аҳолининг сув таъминотини яхшилаш мақсадида умумий миқдори 268 млн. доллар бўлган лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширмоқдамиз. Шуниси қувонарлики, бугунги семинарда Жаҳон банки томонидан СТС секторидаги лойиҳаларни янада қўллаб-қувватланиши, жумладан бу соҳадаги ислоҳотларга техник кўмак кўрсатиш масалаларини муҳокама қилиш режалаштирилган», - дея таъкидлаб ўтди Ўзбекистон Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Музаффар Солиев ўзининг кириш сўзида.

«Мамлакат аҳолисини тоза сув билан таъминлаш ҳукуматнинг устувор вазифаларидан бири. Жаҳон банки гуруҳи ушбу муҳим мақсадга эришишга ҳисса қўшмоқда. Сув ва канализация инфратузилмасини модернизация қилишни молиялаштириш билан бирга, ушбу соҳада сиёсий, институционал ва кадр салоҳиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашда давом этамиз. Ушбу инвестициялар СТС сектори учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга ва Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган ижтимоий вазифаларни амалга оширишга ҳисса қўшади», - дея айтиб ўтди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ҳидеки Мори. 

Ҳозирги кунда Жаҳон банки Ўзбекистонда қиймати тахминан 2 млрд. доллар бўлган 16 та лойиҳанинг амалга оширилишини қўллаб-қувватламоқда. Улар қишлоқ хўжалиги ва сув ресурсларини бошқариш, энергетика, транспорт, соғлиқни сақлаш, таълим, шаҳарсозлик, сув таъминоти ва санитария каби устувор йўналишларни қамраб олади.

 

Мавзуга оид