17:37 / 11.11.2017
11189

Шахсий манфаат илинжида

Шукр, юртимиз тинч, турмушимиз фаровон. Қўлимизни қаёққа узатсак етади. Тадбиркорлик қиласизми, деҳқончилик билан шуғулланасизми, бунинг учун Ўзбекистонда ҳамма шароитлар яратилган. Нима иш билан банд бўлсангиз ҳам, қонун доирасида қилсангиз бас. 

Орол табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси томонидан бошқа идоралар билан ҳамкорликда қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олиш борасида ўтказилган профилактик тадбирлар натижасида умумий жиноятчилик аҳволи ўтган йилга нисбатан сезиларли камайган. Лекин шунга қарамай айрим шахслар ҳуқуқбузарликларга қўл уришаётганликлари афсусланарли, албатта.

“Ҳуқуқ” газетасининг ёзишича, жорий йилнинг июль ойида Элликқалъа туманида яшовчи фуқаро К.Раҳматуллаев шериклари Д.Машарипов ва И.Худайқуловлар билан туман ҳудудидаги каналда қонунан тақиқланган, яъни электр мосламалари ва бошқа қўлбола усулда тайёрланган портловчи ов қуролларидан фойдаланган ҳолда балиқ овлаш билан шуғулланиб, давлат манфаатларига 11 млн. сўмлик зарар етказган. Мўйноқ туманида яшовчи фуқаро М.Жолдасбаев эса, таниши Р.Жумамуратов билан тумандаги “Мўйноқ арна саноат” унитар корхонасига тегишли Сарибас кўлидан 300 метрли ов қуроли билан балиқ овлаб, ҳайвонот дунёсига 26 млн. 120 минг сўмлик зиён етказган.

Албатта, юқорида номлари зикр этилган шахслар суд томонидан тегишли жазо олишди. Келтирилган моддий зарар ихтиёрий ундирилди. Шу ўринда зарарнинг ўрни тўлдирилган бўлса бўлди-да, дейдиганлар ҳам бўлиши мумкин. Зарарнинг ундирилиши билан ҳаммаси жойига тушиб кетавермайди. Аввало, шахсий манфаат илинжида содир этилган бу турдаги жиноятлар туфайли ҳайвонот дунёсига жиддий зарар етади. 

Top