Жамият | 15:00 / 18.11.2017
42594
11 дақиқада ўқилади

Маҳаллалар кўмир олиш учун сунъий навбатга дуч келишмоқда — Жомбойдаги тиқилинчдан ким манфаатдор?

Таҳририятимизга «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга қарашли «Жомбой кўмир омбори»да кўмир олишда сансалорлик ва сунъий юзага келтирилаётган тақчиллик ортидан турли «ўйинлар»га дуч келаётган ургутлик фуқаролардан телефон орқали шикоят келиб тушди. 

Вазиятга ойдинлик киритиш, умуман, Самарқанд вилоятида табиий газ билан таъминланмаган аҳоли хонадонларига кўмир етказиб бериш қай аҳволда эканлиги билан танишиш учун вилоятдаги «Жомбой», «Зарафшон» ва «Мароқанд» кўмир омборлари билан танишдик.

Жомбойдаги омборга борар эканмиз, кўчанинг икки томони эллик чоғли юк машиналарга тўла эканлиги, одамлар омбор дарвозаси олдида гавжумлашиб турганига гувоҳ бўлдик. Чап тарафдан навбатсиз омборга киришга уринган автомашиналардан бирининг ҳайдовчисини кимдир чиқиб сўкди. У омбор мудири Ориф Қурбонов экан. Ўзимни таништириб, ундан вазият ҳақида сўрадим. 

«Бошқаларга қатъий навбатга кўра, ногиронларга эса навбатсиз кўмир тарқатмоқдамиз», — деди «Жомбой» омбори мудири О.Қурбонов.

«Қайси туманларга кўмир тарқатяпсизлар?»

«Бу ердан Жомбой, Тайлоқ, Ургут, Пайариқ ва Самарқанд тумани аҳолиси кўмир олиб кетмоқда. Олувчи жуда кўп, ўз-ўзидан навбат ҳосил бўлади. 2–3 кунлаб турганлар бор, яхши хабардорман. Кунига 8–9 та вагонни юклаб аҳолига кўмир тарқатмоқдамиз. Иш вақтимиз соат 17:00 га бўлса ҳам, кечгача ишлаяпмиз». 

Бироқ Ургут тумани «Жайратепа» маҳалласидан мурожаат қилган 1-гуруҳ ногирони (кўзлари ожиз) Темур Нуриевнинг ҳикоя қилишича, қўлига кўмир олиш учун чек берилганидан сўнг, «сиз бу ерда тураверманг, жиянингизни қолдириб кетсангиз бўлди, орқангиздан шу бугуноқ етказамиз», дейилганидан сўнг у 70 км узоқликдаги уйига кетади. Кўмир олиш учун қолган жияни «тоға, булар бугун кўмир берадиганга ўхшамаяпти», дегач, қўшнисининг машинасида яна омборга қайтиб келади. «Бугун омбор ёпилди, эртага эрталаб, биринчи навбатда оласиз», деган жавобни эшитади.

Эртаси куни биз омборга етиб борганимизда, соат 15:30 эди. Т.Нуриевга кўмир шу вақтда юклаб берилаётган эди.

Кўчада навбат кутаётган фуқароларни секин суҳбатга тортамиз: Тайлоқ тумани «Ғулба» маҳалласидан келган Д.Маматқулова шундай дейди:

— Маҳалламиз навбатга қўйилганида менга кўмир етмасдан қолиб кетдим. Мана энди 3 кундан бери сарсонман. Маҳаллага ажратилган куни келиб кўмир ололсангиз олдингиз, бўлмаса маҳаллангиз кейинги марта навбатга қўйилганга қадар кутишга мажбур бўлар экансиз. 

«Ҳар бир туман ёки маҳалла учун навбат билан бир кун, бирор соат ажратилса кишилар сарсон бўлмас эди. Ҳозир аралаш бериб ётилибди», — деб гапга аралашди кўмир кутаётган фуқаролардан яна бири.

«Бу ерда таниш-билишлик жуда яхши йўлга қўйилган. Масалан, шу ердаги Жомбойнинг маҳаллий ЗИЛ юк автомашиналари 25-30 км наридаги Тайлоққа 600 минг сўмга, 50-60 км Ургутдаги қишлоқларга 700-750 минг сўмга боряпти. Бунча пулга кўчада исталган катта «Камаз» машинаси Тошкент шаҳригача боради. Ҳолбуки, кўчадан Ургутгача 170-200 минг сўмга машина гаплашиб келса бўлади. Шунча пулга гаплашиб келинганлар, мана, ўнг томонда турнақатор бўлиб тизилиб туришибди. Чап томондан навбатсиз киришга уринаётганлар — Жомбойнинг маҳаллий автомашиналари. 700 минг сўм берсангиз бас — Ургутга кўмирингиз навбатсиз олиб етказилади», деб тушунтиришди одамлар.

«Навбатда турган битта машина кўмир олгунча, навбатсиз 4 та машина кириб чиқяпти. Ҳаммаси очиқ-ойдин. Куни бўйи машинани олиб келиб, навбатга қўйиб, кўмир ололмаслигингиз мумкин. Эртаси куни навбат бошқатдан шакллантирилади. Туни билан навбатга туриш учун имкон йўқ. Омбор мудири ЙПХ ходимларини чақириб, кечаси навбатда турган юк машиналарини қувиб юборяпти. Ахир бу туриб битган зулмнинг ўзгинаси-ю?!» — деди ургутлик фуқаролардан яна бири.

Албатта, бундай муҳитга кўмир омборининг алоқаси бўлмаслиги ҳам мумкин, лекин ташқарида шундай муҳит яратилгани, фуқароларни шилишдан ким манфаатдор, деган ўринли савол юзага келади. Чунки, айтайлик 5 тонна кўмирни килограммини 156,60 сўмдан 783 мингга харид қилган одам совуқда 2-3 кунлаб сарғаймайин деса, деярли шунча пул сарфлаб, уни яна 50 км наридаги уйига олиб боришга мажбур бўлмоқда.

О.Қурбонов объекти темирйўллар тизимидаги махфий объект (нимаси махфий экан?!) эканлигини рўкач қилиб, иш қандай ташкил этилганини суратга олишга изн бермади. Лекин кузатишимизча, битта юкловчи трактор ишламоқда. Омборнинг сиғими кичкина. Ўз-ўзидан бунчалик навбат ва унинг кетидан турли қинғирликликлар юзага келиши учун барча шароит муҳайё.

Вазиятдан дилимиз танг бўлиб, иккинчи омбор — Самарқанд шаҳридаги «Зарафшон» кўмир омборига келдик. 

Фото: Kun.uz

Бу ерда ҳам Ургут, Оқдарё, Пайариқ каби туманлар маҳаллаларига кўмир берилаётган экан. Омбор ичида туманлардаги маҳалла фуқаролар йиғини раислари ўтириб, кам таъминланган оилаларнинг ҳужжатларини тартибга келтириб беришмоқда. Ажратилган кўмир аҳолига тенг тақсимланишини назорат қилишмоқда.

Фото: Kun.uz

Ургут туманининг «Вағашли» МФЙ раиси Ж.Бемуҳаммедов, «Кулоллик» МФЙ раисаси Д.Маҳмадаминова, «Манғитобод» МФЙ раиси Ш.Ражабов, «Тошариқ» МФЙ посбони Б.Абдуазизов навбати билан ўз маҳалласи фуқароларига кўмир олиб беришмоқда.

Б.Абдуазизовнинг айтишича, уларнинг маҳалласи олдинги кунлар «Жомбой» омбори орқали кўмир олган: «Ака, Жомбойда 4 кун туриб, 2 та оилага кўмир олиб бера олдик, холос. Маҳалламиз кўмирларини мажбурликдан бу омборга ўтказдик », дейди у.

Кўмирнинг сифатини текширамиз. Жуда яхши. Аҳоли рози. ЗИЛ, «Исузу» юк машиналари ҳам 200-220 минг сўмга Ургутгача элтиб беришмоқда.

Фото: Kun.uz

Омбор мудири Комил Аслиевнинг журналдан санаб кўрсатишича, соат 15:30 гача 63 та машинага кўмир юклаб берилган. Рақамларга қараймиз, ўртача 4–6 тоннадан.

«Кўмирнинг маҳаллаларга бўлиниш тартиби қандай?» деб савол бердик К.Аслиевга.

— Кўмир темир йўл орқали вагонларда келади. Бир вагонда 69 тонна кўмир бўлади. Республикада бўлиб берувчи бўлим вилоятга телефон қилиб, қанча кўмир жўнатилганини айтади. Вилоят туманларга вагонларни бўлади. Кейин туман ҳокимияти табиий газ билан таъминламаган маҳаллаларнинг ҳисобидан келиб чиқиб, қайси маҳаллага неча тонна берилиши кераклиги айтади. Биз бу ерда маҳалла вакиллари билан қатъий тартибга олиб, рўйхатдаги барчага кўмирни бериб юборяпмиз. Ҳеч қандай муаммо юзага келаётгани йўқ, — дейди К.Аслиев.

«Зарафшон» омборида рельсда ниманидир кутиб турган уч аёл эътиборимизни тортди. Секин суҳбатга тортдик.

— Мен Бекназарова Дилрабо, Ургут тумани «Алгар» маҳалласиданман. Булар қўшниларимиз. Биз боқувчисини йўқотган оила ҳисобланамиз. Учовимиз ҳам бева. Кўмирга бизнинг маҳалланинг навбати ўтиб кетган экан, бехабар қолибмиз. Эрталабдан бери келиб, кутиб, кўмир ололганимиз йўқ. Маҳалла раисимиз келиши керак экан, қўнғироқ қилдик, келишни пайсалга соляпти.

Вазиятни К.Алиевга тушунтирдик. Омбор мудири Ургут туман ҳокимлигига қўнғироқ қилиб, гарчи бугун навбати бўлмаса-да, «Алгар» маҳалласига ажратиладиган лимит ҳисобидан фуқароларга кўмир ажратилишини келишди ва ушбу аёллар бугун кўмирсиз кетмаслигини ваъда берди.

Қуёш ботмасдан Паст Дарғом туманидаги «Мароқанд» кўмир омборига етиб бордик. У ерда омбор мудири Эгамберди Норов ва ходимлардан бошқа ҳеч кимни учратмадик.

Омборга кира туриб кўзга ташланган биринчи нарса батартиблик бўлди. Корхонанинг номи, ишонч телефон рақамлари, кўмир ва кўмир брикети нархлари кўринарли қилиб ёзиб қўйилган.

Фото: Kun.uz

«Қани кўмир, қани фуқаролар, машиналар?» деб сўрадик қизиқсиниб.

«Аллақачон тарқатиб бўлдик», энди ҳисоб-китобларни қилиб уйга кетмоқчи бўлиб тургандик», — дейди Э.Норов.

«29 октябрдан бошлаб кўмир тарқата бошлаган бўлсак, шу пайтгача 24 та вагонни аҳолига тарқатиб бердик, — дейди «Мароқанд» омбор мудири Э.Норов. — Айниқса, кўмир етказиб бериш ва унинг назорати Президентимиз қарорига кўра «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ таркибига ўтказилгач иш мутлақо бошқача тарзда ташкил қилинди. Вагонлаб кўмир келмоқда. Олдингидан фарқи шу бўлди: кўмир эҳтиёжи бор аҳолига чиндан ҳам етиб бормоқда, етказиб берилмоқда. Ҳеч ким кўмирсиз қолиб кетмаяпти. Ургут туманининг айрим маҳаллалари, Паст Дарғом тумани аҳолисига бериб келаётган эдик, эртадан бошлаб Нуробод туманига кўмир тарқата бошлаймиз».

Биз бу ерда ҳам Жомбой омборидаги вазият ҳақида гапирдик.

«Йўқ, бу ерда ҳеч ким кўмирсиз қолиб кетгани йўқ, ёки эртасигача кутиб қолган эмас. Агар Жомбойда тиқилинч бўлса бизга берсин вагонларни, биз тарқатамиз. Омборимиздаги рельсга 9 та вагон сиғади. Мана, кўриб турибсиз, жойимиз кенг-мўл. Ҳар қандай юк машинаси сиғади. Иккита юкловчи транспортимиз бор. Тарозимиз катта», — деди Э.Норов.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Жомбойда хира бўлган дил кейинги омборларга боргач ёришди. Тан олиш керак, бошқа омборларда ҳам вазият шунақа бўлса-я, деб чўчиброқ турган эдик. Йўқ, ўз ишига виждонан, сидқидилдан ёндашадиган инсонлар ҳам бор экан. 

Модомики Жомбойда шундай тиқилинч ва аҳолининг норозилиги юзага келаётган экан, «Мароқанд» омборининг кенг-мўл майдонидан фойдаланган яхши эмасми? Мутасаддилар бу ҳақда бош қотириб кўришса бўлар экан.

Муддаомиз — республика ва вилоятдаги мутасаддиларни кўмирни туманларга тақсимлашда омборларнинг жойлашуви ва имкониятидан келиб чиқиб ёндашишга ундаш. Ана шунда совуқ ва кузнинг қисқа кунларда фуқаролар қийналишмас эди.

Шуҳрат Шокиржонов,
KUN.UZ махсус мухбири

 

Мавзуга оид