22:25 / 20.11.2017
40882

Суҳбат. Филиппиндаги ўзбекистонлик менежернинг муваффақият сири

Ўзбекистонлик Муҳаммаддиёр Исломов айни пайтда International Travel Network (Халқаро сайёҳлик тармоқлари) компаниясининг Филиппин давлатидаги филиалида иш бошқарувчи лавозимида меҳнат қилмоқда. Компания тарихидаги энг ёш раҳбар бу давргача Латвия пойтахти Рига шаҳрида фаолият юритган. Унинг муваффақият сири ҳамда бошдан кечирган тажрибасини ўрганиш мақсадида Kun.uz мухбири Муҳаммаддиёр билан суҳбатлашишга қарор қилди.

«Барча қатори мактаб ва лицейни тамомлагач, хорижда ўқиш истаги менда кучлилик қилди. Шундай қилиб, оддий оиладан чиққан ўспирин катта орзулар билан 2011 йил Рига давлат техника университетига ўз ҳужжатларини топширди», деб сўз бошлайди у.

Муҳаммаддиёрнинг айтишича, Университет имтиҳонидан муваффақиятли ўтиши билан барчаси «силлиқ» кечмаган.

«Ригада ҳаётимнинг энг қимматли 5 йилини ўтказдим ва шаҳар ҳақида бениҳоя фикрларни билдиришим мумкин. Аввало, бу шаҳар кўҳна ва тарихий биноларга тўла, сайёҳларни ўзига оҳанграбодек тортиб турувчи пойтахт саналади. Гарчи Латвияда яшаш қиймати Европанинг бошқа давлатлариникидан арзон бўлса-да, ўзбекистонлик талаба учун бу катта имтиёз бера олмайди. Бу зарурият бир вақтнинг ўзида таҳсил олиб, шу билан бирга ишлаб, пул топишга мажбур қилди. Мен АҚШнинг Латвиядаги International Travel Network компаниясида ишга жойлашдим», дейди суҳбатдош.

Муҳаммаддиёр компания филиалининг Харидлар бўлимида сотувчи агент сифатида 4 йил ишлаб, шу даврда университетдаги ўқишини ҳам давом эттирган.

«Қувонарлиси, бедор кечалар, тинимсиз меҳнат бесамар кетмади: RTU'да таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар кетма-кет икки йил халқаро тадбирлар мусобақасида ғолиб бўлди. Мусофирчиликда таҳсил олиш, бунинг устига ишлаш - кимгадир бегона тушунча эмас, аммо ёш йигитнинг оила аъзолари ва ватанидан узоқда бўлиши сўз билан таърифлаб бўлмас, қийинчиликларни бошдан кечиришини англатади», дея ўз хотираларини эслаб ўтди у.

Эндигина 24 ёшни қаршилаган Муҳаммаддиёр ҳаётдаги шахсий муваффақият сири ҳақида сўз очиб, «​барчаси эътиқод ва ҳалол меҳнатда»​ мужассамлашганини айтади. 

«​Биласизми, кишилар кўп меҳнат қилиши билан катта натижадан умидвор бўлади. Аслида, унинг билими, айниқса қилаётган ишига нисбатан ва атрофдаги ҳодисаларга эътиқоди унинг келажакда ким бўлишини белгилаб беришини ҳис қилишимиз зарур. Қолаверса, ҳалол меҳнатда гап кўп, халқимиз «​рози-ризолик билан»​ дейиши​ - профессионал касбда кўп асқотди», дейди у. ​

Университетдаги таълим жараёни ўз ниҳоясига етиши билан Исломов ўзи ишлаб келаётган компания филиалида иш бошқарувчи (supervisor) сифатида янги фаолиятини бошлади. 

2016 йил Муҳаммаддиёр раҳбарият томонидан «Энг яхши иш бошқарувчи» деб топилган. Орадан бир йил ўтиб, компаниянинг Филиппинда янги очилган филиалида иш таклиф қилинди.

«​Филиппинда яшаётганимга узоқ муддат бўлмади, лекин ишларни ўз вақтида ва аъло даражада бажариб келаётганим учун жорий йил ҳисобидан «Йилнинг энг яхши иш бошқарувчи» номинациясида компания раҳбарияти томонидан тақдирландим. 

Иш фаолиятимизда асосий икки нарсага урғу бермоқчиман: биринчидан, бугунги иш унумдорлиги кеча қилганларимдан ошиши шарт. Иккинчидан, иш унумдорлигини кўпайтиришда компания фалсафаси ва тамойилларидан йироқлашиб кетмаслигим зарур»​, дейди Исломов.

Унинг айтишича, Ўзбекистонда айнан сайёҳлик ва ҳаво йўлларини ривожлантириш учун электрон чипта савдосини қайта ишлаб чиқиш лозим.

«​Миллий ва халқаро тажриба ўртасидаги фарқ иш фалсафаси, мақсад ва бошқарув яққол сезилади. Таъкидлаш жоизки, электрон чипталарни харид қилиш компания фаолиятига оид оддий элемент бўлсада, унинг мижозлар учун сифатли ва қулай тақдим этилиши кўп масалада ижобий бурилиш ясай олади. Шунингдек, маъмурий бошқарув ва қарорлардан кўра, умумий иш стратегиясини қабул қилиш, хусусий тадбиркор ва сармоядорлар билан ҳамкорлик қилиш сайёҳлик тармоғини ривожлантиришга омил бўлади.

Ўйлайманки, келажакда ўз тажрибамни Ўзбекистонда амалиётга татбиқ этиш учун имконият пайдо бўлади»​, деб фикрини якунлади суҳбатдошимиз.

Top