Жаҳон | 13:40 / 05.11.2025
1854
2 дақиқада ўқилади

Филиппинда «Калмаэги» тайфуни оқибатида ҳалокат бўлганлар сони ўсмоқда

Камида 66 киши ҳалок бўлди, яна 26 нафар бедарак йўқолганлар сифатида қидирилмоқда. «Калмаэги» катта вайронагарчиликка сабаб бўлиб, бу йил минтақада қайд этилган энг кучли офатлардан бирига айланди.

Фото: Jacqueline Hernandez / AP

Филиппинда камида 66 киши «Калмаэги» тайфуни оқибатида ҳалок бўлди, дея 4 ноябр куни хабар берди фавқулодда ҳолатлар бўйича идора. Яна 26 киши бедарак йўқолганлар сирасига киритилган.

Офат келтирган зарар кўламини кузатган ҳарбий вертолёт қулаши натижасида олти киши ҳалок бўлди. Қолган қурбонлар тошқинлар, ағдарилган дарахтлар ва бинолар вайроналари туфайли жон берган. 430 мингдан ортиқ киши уйларини тарк этишга мажбур бўлди.

Офат мамлакатнинг энг йирик орол гуруҳлари — Лусон, Висаяс ва Минданаодаги 24 та провинцияга таъсир кўрсатди. Кўплаб ҳудудларда электр таъминоти издан чиқди, ўнлаб ҳаво рейслари бекор қилинди.

Тайфун кучли бўрон, шиддатли ёмғир ва кўп метрли тўлқинлар билан кечди. PAGASA Филиппин гидрометеохизмати маълумотича, тўфон сусайган, бироқ шамол кучи ҳануз соатига тахминан 180 кмга етяпти.

Кўплаб аҳоли пунктларида кўчалар батамом сув остида қолган, автомобиллар оқиб кетган ёки ағдарилган, аҳоли эса сақланиш учун томларга чиқиб олган. Айрим ҳудудларда вайронагарчилик улкан кўламга эга.

Синоптиклар маълумотига кўра, Филиппинда «Тино» деб аталадиган «Калмаэги» етти маротаба қуруқликка кириб келган — сўнггиси тонг саҳарда Палаван провинциясининг ғарбидаги Эл-Нидо шаҳрида. Тайфун чоршанба ёки пайшанба куни мамлакат ҳудудини тарк этиб, Ветнам томон йўналиши кутилмоқда. Таиланднинг шимолий ҳудудларида дам олиш кунларига кучли ёмғирлар башорат қилинган.

Шу орада, метеорологлар маълумотича, Филиппинга янги тропик циклон яқинлашмоқда. У жума ёки шанба куни қуруқликка етиб келиб, дам олиш кунлари давомида соатига камида 240 км шамол тезлигига эга «супер-тайфун»га айланиши мумкин.

Филиппин ҳар йили тахминан 20 та тайфун таъсирига учрайди. Улар орасида энг вайронкори — 2013 йил ноябрида 6300 дан ортиқ инсон ҳаётига зомин бўлган «Ҳайян» тайфунидир.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид