16:30 / 21.11.2017
57590

Россия аҳолиси камаймоқда: ҳамма умид муҳожирлардан

Фото: РИА "Новости"

Россия аҳолиси сўнгги беш йилда яна камая бошлади. Ҳозирда Федерацияда салкам 147 млн фуқаро истиқомат қилади. 9 ой мобайнида табиий камайиш 106 минг кишини ташкил этган. Уларнинг 16 мингга яқини ўз жонига қасд қилганлардир. Бу каби салбий намуна 2035 йилгача сақланиб қолиши мумкин, дейилади Газета.ру сайти эълон қилган таҳлилий мақолада. 

Россия статистика қўмитаси маълумотларига биноан, Россия Федерациясида доимий истиқомат қилувчи аҳоли сони 2017 йил 1 октябрь ҳолатига кўра 146,9 млн кишини ташкил этмоқда. Январь-сентябрь ойларида табиий камайиш 106,2 минг кишини ташкил этган. Ўтган йилнинг шу даври мобайнида аҳоли кам бўлса-да, 18,2 минг кишига кўпайган эди. 

Ҳаётдан кўз юмганларнинг аксарияти қон айланиш тизимидаги касалликлардан вафот этган. ЙТҲлар 14 мингдан ортиқ одамнинг бошига етган. Сифатсиз алкогол 5 мингдан ортиқ инсон умрини хазон қилган. 6,7 минг киши ўлдирилган. 

Россияликлар қашшоқ ва ишсиз

Ўз жонига қасд қилишлар жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида 15,8 минг кишини ташкил этган. Албатта, 2016 йилда бу рақам 18 мингдан ортиқ бўлгани эътиборга олинса, бу йил бу борадаги пасайиш сезиларлидир. Яъни, бу йилнинг 9 ойида ҳар юз минг кишидан 14,4 киши ўзини ўлдирган. Таъкидлаш ўринлики, Россияда ўзини ўлдириш чўққиси ўтган асрнинг 90-йилларига тўғри келган, ўшанда ҳар юз минг одамдан 43-46 киши ўз ҳаётига нуқта қўйган. 

ЖССТ ўз жонига қасд қилиш учун турли важларни кўрсатади. Масалан, ишини йўқотиш, молиявий муаммолар, ҳаддан ортиқ кўп алкогол истеъмол қилиш, шахсий ҳаётдаги синовлар, яқинларини йўқотиш. Булардан ташқари ижтимоий муаммолар — қашшоқлик, ишсизлик, можаролар, урушлар, мажбурий муҳожирлик кабилар шулар жумласидан. 

Фото: РИА "Новости"

Ёз мавсумида ҳукумат қашшоқлик ёқасида турган фуқаролар сони 2016 йилги 19,8 млн кишидан ортиб, 22 миллионгача ўсганини билдирган эди. Мамлакатда ўтказилган ижтимоий сўровда россияликларнинг 10 фоизга яқини озиқ-овқат маҳсулотларига пул етмаётганини айтган бўлса, 29 фоизи кийим-кечакка зўрға пул орттираётганини билдирган. 

Росстатнинг сўнгги ахборотида қайд этилишича, аҳолининг реал даромади тўртинчи йилдирки пасаймоқда. 2017 йил январь-октябрь ойларида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан даромад миқдори 1,3 фоизга пасайган. 

Бунда яна ишсизлик камайгани қайд этилган. Октябрда бу рақам 5,1 фоизни ташкил этган. Аҳоли бандлик хизматларида ишсиз сифатида рўйхатдан ўтганлар, Россия Меҳнат вазирлиги маълумотларига кўра, атиги 0,7 млн кишидир. Ишсизлик нафақасини олувчилар янада камроқ, 0,6 млндир. Қолганлар қандай кун кечираётгани номаълум. Умуман, Россияда тўлиқ бўлмаган иш куни билан банд бўлган фуқаролар ҳисобига ишсизлик даражаси сезиларли пастлиги рост. 

Бироқ иши борларнинг пули кам. Мамлакат ҳукумати бир неча йиллардан бери муддатида тўланмаган маош муаммосини ҳал эта олмаяпти. Ташкилотлар томонидан тақдим этилган маълумотларга биноан, 2017 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра, иш ҳақидан қарздорлик жами 3,5 млрд рублни ташкил этмоқда.

Таъкидланишича, Россиянинг энг янги тарихида аҳоли сонининг табиий камайиши 2011 йилда кузатилган. Ўшанда 125 мингга камайган. 

2012 йилда ҳам бу жараён давом этган, бироқ унчалик сезиларли бўлмаган. 2013 йили табиий ўсиш қайд этилиб, аҳоли 27 минг кишига кўпайган. 2014-2016 йилларда ҳам у қадар бўлмаса-да, ўсиш бўлган.

Умумий ҳисобда мамлакатда вафот этганлар сони туғилганлар сонидан 8,3 фоизга кўпни ташкил этган. Аммо РФнинг 17 та субъектида бу рақам рекорд даражадаги 1,5-1,8 маротабага етди.

Агар собиқ иттифоқ республикаларидан келган муҳожирлар бўлмаганида Россия аҳолиси янада катта суръатларда пасайиб бораётгани яққол кўзга ташланар эди. Бироқ, ҳозирча, муҳожирлар уларнинг ўрнини тўлдирмоқда. Натижада Россия аҳолиси январь-сентябрь ойларида 50 минг киши, яъни атиги 0,03 фоизга ортди. Ўтган йилнинг шу даврида фуқаролар ортиши 214,6 минг кишини ташкил этган эди.

Фото: РИА "Новости"

Лекин бу йил муҳожирлар ҳам Россияга камроқ кўчиб боришга қарор қилишган – 419 минг киши (2016 йилда 426 минг киши). Айниқса, Украина, Молдова, Озарбойжон ва Қозоғистон фуқаролари Россияга камроқ кўчишган. 

Шу билан бирга, муҳожирларни асосий етказиб берувчи Украина бўлиб қолмоқда. Суриядан кўчиб келганлар 3 бараварни, Афғонистон муҳожирлари сони 2,7 баравар, Вьетнам ва Туркманистон фуқароларининг кўчиб келиши 1,7, қирғизистонликлар 1,4, Тожикистондан борганлар 1,2 бараварни ташкил этади. 

Шунингдек, вақтинча кўчиб борганлар ҳам статистика рақамларини яхшилайди. ИИВ ҳудудий идоралари қарорига кўра, 7981 кишига вақтинчалик бошпана берилган. Ўтган йили вақтинча кўчиб келганлар сони 17 мингдан ортиқ бўлган. 

Иқтисодий тараққиёт вазирлигининг тахминларига кўра, мамлакатдаги оғир демографик вазият сабабли яқин 5-6 йилда ҳар йили меҳнатга лаёқатли кишилар сони 800 мингга  камаяди. 

Top