01:34 / 25.11.2017
20303

Америкалик одам савдоси учун 472 йилга қамалди

Фото: CNN

Аёллар ва қизларни кейинчалик жинсий эксплуатация қилиш мақсадида ўғирлаган ва сотган америкалик эркак 472 йилга озодликдан маҳрум этилди. Ушбу ҳукмни Денвер шаҳри (Колорадо штати) суди чиқарди.

Маълум қилинишича, судланувчи – 31 ёшли Брок Фрэнклин бу турдаги жиноят учун АҚШ тарихида энг узоқ давом этувчи қамоқ жазосини ўташига тўғри келади.

“400 йиллик қамоқ жазоси – биз одамлар устидан бундай зўравонликка бошқа чидаб турмаслигимиз ҳақида бутун мамлакатга огоҳлантирувчи сигналдир”, деб айтган штат бош прокуратураси вакили Жанет Дрейк. Унинг айтишича, судланувчи 30 та модда бўйича айбдор деб топилган.

Судланувчи одамлар савдоси билан шуғулланган жиноий гуруҳнинг етакчиси бўлган. Гуруҳ аъзолари жабрдийдалар билан Facebook’да мулоқот олиб бориб, уларни турли “эзгу баҳоналар билан қармоққа илинтиришган”. Сўнгра уларни ухлатиб, интернет орқали онлайн режимда мижозларга пуллаганлар. Гуруҳ 7 кишидан иборат бўлган, улардан 4 нафари айбдор деб топилиб, турли қамоқ муддатларига маҳкум қилинган. 

Халқаро меҳнат ташкилотининг баҳолашича, дунёда 21 млн. киши қул қилиб ишлатилади. Улардан 11,4 млн. нафарини (55 фоиз) аёлларни ташкил қилади. Қул аёлларнинг 90 фоизи жинсий экспулатация қилинади. Қулликда ушланаётган болалар сони эса 26 фоизни ташкил қилади.

Одам савдоси муаммоси деярли ҳар бир давлатда мавжуд. Европарламент комиссиясининг ҳисоб-китобига кўра, Европада миллионга яқин одам қуллик шароитида яшамоқда. Халқаро меҳнат ташкилотининг маълумотларига кўра, айни вақтда қуллик жабрдийдалари Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиёда энг кўп мужассамлашган, улар 11,7 млн. кишини ташкил қилади.

Мутахассисларнинг фикрича, одам савдоси уюшган трансмиллий жиноятчилик характерига эга бўлиб, даромадлилиги бўйича гиёҳвандфурушлик ва қурол сотишдан қолишмайди. Бундай жиноятчиликдан олинадиган бир йиллик даромад 150 млрд. долларни ташкил қилади.

Top