Ўзбекистон | 18:35 / 28.11.2017
6915
2 дақиқада ўқилади

Давлат туризм қўмитаси Балига вақтинчалик бормасликни тавсия қилди

Фото: Reuters

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистон фуқароларига Индонезиядаги Бали оролига Агунг вулқони уйғонгани туфайли вақтинчалик бормасликни тавсия қилди. 

Ўзбекистоннинг Индонезиядаги элчихонаси маълумотига кўра, Бали оролида уйғонган Агунг вулқонига хавфнинг энг юқори даражаси берилди. Ўзбекистон фуқароларига, шунингдек, Индонезияга саёҳатни режалаштирган туристик компанияларга ушбу вазиятни инобатга олиш тавсия этилди.

Эслатиб ўтамиз, Бали оролидаги Агунг вулқонининг уйғониши туфайли тахминан 100 минг киши эвакуация қилиниши керак. Бу ҳақда Индонезия табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш бўйича Миллий агентлик вакили хабар қилган. Унинг сўзларига кўра, хавф ҳудуди 10 километрга ошди, унинг ичида тахминан 22 та аҳоли пункти бор, у ерларда 90-100 минг киши истиқомат қилади.

Агунг вулқони биринчи марта 21 ноябрь куни отилди. Вулқондан тутун унинг оғзидан (кратер) 700 метр баландликка кўтарилди. Якшанба куни эса иккинчи отилиш бошланди, вулқон лавани чиқариб ташламади, бироқ тутун тўрт минг метрлик баландликка кўтарилди, шу сабабдан ҳаво транспорти учун энг юқори (қизил) хавф даражаси эълон қилинди.

Агунг вулқони фаоллиги сентябрь ойида ошганди, ўшанда Бали оролининг барча ҳудуди бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилинди, 144 минг киши хавфсиз жойга кўчирилди.

Маълумот учун, Агунг вулқонининг энг йирик отилиши 1963 йилда юз берган бўлиб, натижада мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлган.

Мавзуга оид