14:20 / 29.11.2017
22726

Тошкент-Андижон йўналишидаги поезд кечикишига масъулларга чоралар кўрилди

KUN.UZ сайтида 28 октябрь куни «Тошкентдан Андижонга отланган поезд 2 соату 25 дақиқага кечикди. Айб кимда ё нимада?» сарлавҳаси остидаги мақолада Тошкентнинг Шимолий вокзалидан Андижон томон йўлга тушган поезд ўз вақтида йўлга чиқмагани, манзилга эса кечикиб етиб боргани ҳақида хронологик тарзда хабар берилган эди.

Таҳририятга етиб келган маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ҳамда «Ўзтемирйўловчи» АЖга сайтда чиққан материал юзасидан изоҳ талаб қилган.

Жумладан, «Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспортида йўловчилар, багаж ва юк багаж ташиш Қоидалари»нинг 18-бандига кўра, ташувчининг ходими йўловчилар, багаж ва юк багажи жўнатувчилар ва қабул қилувчиларга нисбатан хушмуомала ва илтифотли бўлиши, уларга ғамхўрлик ва эътибор кўрсатиши, темир йўл транспорти ходимларининг қай бирининг айби билан содир этилганидан қатъи назар, йўловчиларга хизмат кўрсатишда йўл қўйилган нуқсонларни бартараф этиш чораларини кўриши, зарур маълумотлар билан йўловчилар, юк жўнатувчилар, юк қабул қилувчиларни ўз вақтида ва ишончли таъминлаши кераклиги белгилаб қўйилган.

Шу қоидаларнинг 53-бандига кўра, барча тоифадаги йўловчи ташиш поездларининг ётоқ жойли вагонлари, шунингдек, ўтириш жойларига эга тезкор йўловчи ташиш поездларининг вагонлари кузатувчилари, йўловчиларни уларнинг илтимосига кўра ташувчи белгилаган нархларда кунига камида уч марта чой билан таъминлаши керак. Йўловчи ташиш поездининг барча йўловчилари бутун йўналиш давомида қайнатиб совутилган ичимлик суви билан бепул таъминланиши белгиланган.

«Ўзтемирйўлйўловчи» АЖнинг истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар, шунингдек мақолада кўрсатиб ўтилган ҳолатлар бўйича тушунтириш беришича, поезднинг ўша куни кечикишига «Қизилтўқимачи» станциясида ҳудудида таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани ва йўллар техник кўрикдан ўтказилиб, қишки мавсумга тайёргарлик кўрилаётгани сабаб бўлган.

2017 йил 27 октябрь куни №60/59 «Тошкент–Андижон–Тошкент» йўналишида ишда бўлган поезд бошлиғи ва вагон кузатувчилари ўз хизмат йўриқномасини, меҳнат шартномаси ва ички меҳнат тартиб-қоидаларини бузганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 181-моддасига биноан интизомий жазо чоралари қўлланилган. Поезд бошлиғи К.А. (исм-фамилияси таҳририятга маълум) эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Бундай ҳолатлар келгусида такрорланмаслиги учун поезд бошлиқлари ва вагон кузатувчилари ўртасида қўшимча йўриқлар ўтказилмоқда, йўловчиларга йўл давомида намунали хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда, дейилади «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ изоҳида.

Top