Жаҳон | 09:13 / 01.12.2017
19868
2 дақиқада ўқилади

Канадада танасида Pepsi логотипи бўлган қисқичбақа топилди

Канадалик балиқчилар Фанди кўрфазида панжасида Pepsi логотипи тасвири бўлган лобстер қисқичбақасини топишди. Бу ҳақда Guardian нашри хабар бермоқда. 

Ушбу антиқа лобстерни биринчи бўлиб Карисса Линдстренд аниқлади. У қисқичбақада қизил-оқ-кўк рангдаги белги борлигига эътибор қаратган. Бу белги Pepsi логотипи деб қабул қилинган.

Бир ҳафтадан кейин интернетда бу логотип қисқичбақа қисқичида қандай қилиб пайдо бўлгани борасида баҳслар бошланган. Баъзилар Pepsi банкаси қисқичбақанинг танасига сингиб кетган, бошқалар эса Pepsi қутисининг бир қисми ёпишиб қолган бўлиши мумкинлигини айтишган.

Бироқ қисқичбақани аниқлаган аёлнинг ўзи бу тахминларга қўшилмаяпти. Гувоҳларнинг айтишича, қисқичбақа қисқичида “татуировка” туширилгандек майда нуқталар кўринган, шу сабабли бу тасвир банка сабабли пайдо бўлмаган, қутидаги тасвир эса анча катта бўлади. Логотип Линдстрендга босма суратни эслатган. Бироқ қоғоз сувда парчаланиб кетган бўларди. 

Фото: The Guardian

Ушбу топилма дунё сувларида тўпланиб бораётган чиқиндилар ҳақида яна бир бор эслатди. Экологлар маълумотларига кўра, ҳар йили океанга пластмасса чиқиндиларнинг ўзидан 13 млн тоннага яқин ташланар экан. Эллен Макартурнинг жамғармаси маълумотларига кўра, бундай кетишда 2025 йилда дунё океанидаги ҳар уч килограмм балиққа бир килограммдан чиқинди тўғри келади, 2050 йилда эса океандаги чиқиндилар массаси сайёрамиздаги барча балиқларнинг умумий оғирлигидан кўпроқни ташкил қилади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид