Технология | 16:15 / 02.12.2017
11668
2 дақиқада ўқилади

GoPro камераси Англиядан Германияга сузиб келди ва буни видеога олди

Фото: Stern

Ҳаллиг Зюдероог немис оролида сув ўтказмайдиган GoPro камерасини тутиб олишди, у бу ерга Британиянинг Йоркширидаги соҳилбўйидан келиб қолган. Қурилма Шимолий денгиз орқали тахминан 800 километр масофани босиб ўтган ва ҳали ҳам ишламоқда.

Камерани оилавий жуфтлик топиб олди, улар ундан хотира картасини чиқариб олишди ва видеони Фейсбукка жойлаштирдилар. Роликда қўлида камера кўтариб олган боланинг соҳилбўйида чопиб юргани, сўнг уни тош устига қўйгани ва кетганини кўриш мумкин. Орадан бир неча дақиқа ўтиб камерага тўлқинлар келиб урилган ҳамда уни сувга қарата олиб кетган.

GoPro’нинг саёҳат вақти қанчани ташкил этгани номаълум, сабаби немислар унинг эгаси ва камеранинг сувга тушиб кетаётгани тасвирланган қисмни эълон қилишди, холос. Улар Фейсбук фойдаланувчиларига мурожаат қилиб, видеодаги болани топишда ёрдам кўрсатишни сўрашди.

Немис денгиз қидирув-қутқарув ассоциацияси экспертлари Қироллик миллий денгиз институти билан камеранинг денгиз саёҳатини моделлаштиришди. Мутахассислар Йоркширдаги соҳилбўйи ва қояларни пайқашган, ҳамда қурилма йўли тахминан 800 километрни ташкил этгани ҳақида маълум қилишди.

«Камера ўз эгасига қайтмаса, жуда ачинарли бўларди. Биз болакай Рождествода ўзининг ўйинчоғи билан бирга бўлишини хоҳлаймиз – бу бахтли якунга айланган бўларди», - дейди немис денгиз қидирув-қутқарув ассоциацияси вакили Кристиан Стипелди.

Мутахассисларнинг қўшимча қилишича, видеодаги кишилар Йоркширдан бўлмаслиги ҳам мумкин, улар Шотландия ёки жанубий Англиядан соҳилбўйига келишгани борасида ҳам тахминлар бор. Роликдаги санага қараганда, камера 1 сентябрь куни йўқолган, уни ноябрь охирида топиб олишди – у тахминан икки ой йўлда бўлган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид