Технология | 19:57 / 02.12.2017
7703
2 дақиқада ўқилади

Tesla Австралияда дунёдаги энг кучли аккумуляторни ишга туширди

Фото: tesla.com

Tesla Inc. компанияси Жанубий Австралия штатида дунёдаги энг катта литий-ионли батареяни ишга туширди. Батарея қуввати 100 МВт ни, сиғими 129 МВт/соатни ташкил қилади.

Аккумулятор 8 соат давомида 30 минг ёки 4 соат давомида 60 минг бинони электр энергия билан таъминлай олади. Бу ҳақда The Sydney Morning Herald нашри хабар бермоқда. 

Tesla’да таъкидланишича, батарея Жанубий Австралиядаги электр энергияга катта талабни қондиришда ёрдам беради. 

Батарея Аделаидадан 200 км шимолда жойлашган Жеймстаунда ўрнатилган. У Neoen француз компанияси томондан қурилган Neoen Hornsdale шамол электр станциясига уланган. Аккумулятор шамол генераторлари ишлаб чиқарадиган энергияни сақлайди.

Таъкидланишича, Жанубий Австралия штати Австралияда тикланувчи энергия манбалари бўйича етакчилик қилади. 

Tesla ушбу батареяни қуришни 23 ноябрда якунлади. Унинг нархи 50 млн долларни ташкил қилди. 

Жорий йил мартида Tesla раҳбари Илон Маск ушбу штатдаги электр энергия билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга ваъда берган. У 100 кун ичида 100 МВт дан кучлироқ батареяни қуриб беришга ваъда берган ва агар компания бу ишни 1 декабргача уддалай олмаса, батарея штатга бепул топширилишини айтган.

Австралия жанубида электр энергия таъминотидаги муаммолар 2016 йил сентябридаги довулдан кейин бошланган. 2017 йил март ойида эса кўмирда ишловчи, мамлакатдаги энг  катта иссиқлик электр станцияси ишлашдан тўхтаган. 

 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид