Ўзбекистон | 18:04 / 02.12.2017
16089
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ишбилармонлик авиацияси ташкил этилади

Фото: President.uz/Архив

Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтда халқаро талаблар асосида барпо этиладиган янги аэропорт лойиҳаси билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Ўзбекистон жаҳонда нафақат фуқаро авиацияси соҳасида, балки халқаро юк ташиш бозорида ҳам мустаҳкам ўринни эгаллаб бормоқда. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси томонидан дунёнинг турли минтақаларига юклар қулай, хавфсиз ва ишончли тарзда етказиб берилмоқда. 

Мамлакатнинг бу борадаги салоҳиятини янада ошириш, халқаро авиаташишлар бозорига дадил чиқиш, лайнерларда юк ташиш сифатини энг замонавий талабларга кўтариш истиқболдаги муҳим вазифалардан. 

Давлат раҳбари ташаббуси билан энди мамлакатда ишбилармонлик авиацияси ҳам ташкил этилади. Бу Марказий Осиё минтақасида янги тизим бўлиб, якка тартибдаги ва корпоратив парвозлар, шунингдек, улар билан боғлиқ хизматларни кўрсатишга ихтисослашади. Халқаро тилда ушбу атама «бизнес авиация» ёки «тижорат авиацияси» деб аталади. 

Шавкат Мирзиёев лойиҳа билан танишиш чоғида ҳар бир мамлакат иқтисодиёти ривожида транспорт-коммуникация тизими муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Ишбилармонлик авиацияси бу борада янги имкониятлар, тадбиркорлар учун қулай шароитлар яратади. Лойиҳа ўзбекистонлик ва хорижлик ишбилармон доиралар вакилларига маҳсулотларини ташқи бозорга етказиб бериш, бизнес-шериклар топишда катта ўрин тутади. 

Президент янги аэропортда хорижлик делегацияларга юксак даражада хизмат кўрсатиш, бу ерда кўплаб инфратузилма объектлари, меҳмонхона, бизнес марказлари ташкил этиш юзасидан мутасаддиларга зарур топшириқлар берди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид