Жаҳон | 08:00 / 03.12.2017
19280
2 дақиқада ўқилади

Украина аҳолиси эълон қилинганидан анча камлиги маълум бўлди

© AP Photo / Sergei Chuzavkov

Украина ҳудудида статистика қўмитаси маълум қилганидек 42 миллион киши эмас, балки доимий равишда 30 миллиондан бироз кўпроқ одам яшайди. Бу ҳақда ZIK телеканали эфирида Украинанинг собиқ меҳнат ва ижтимоий сиёсат вазири, олий рада депутати Михаил Папиев айтиб ўтди.    

“Четдан қараганда Украина муваффақиятли давлатдек кўринади. Статистика бўйича, бугун 42,3 миллион украиналик бор, яъни бу кучли Европа давлати. Биз Украина фанлар академиясининг демография институти мутахассислари билан ўтказган тадқиқотга кўра, ҳозир бу борадаги оптимистик кўрсаткич – 32 миллион фуқаро”, деб айтди Папиев ва таҳлил жараёнида Қрим, Донецк ва Луганск аҳолиси ҳисобга олинмаганини таъкидлаб ўтди.     

Папиевнинг айтишича, Украинанинг 10 миллион фуқароси ватанларида иш тополмай, хорижда ишлагани кетишга мажбур бўлган.

“2014 йилгача бундай одамлар 5 миллион эди, ҳозир яна 5 миллион киши хорижга кетган. Бу катта фалокатдир, чунки хорижга асосан соғлом, фарзанд кўра оладиган ёшдаги одамлар чиқиб кетмоқда”, деб қўшимча қилди депутат.   

Украина статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Украина аҳолиси 2017 йил 1 июнь ҳолатига кўра, Қрим ҳисобга олинмаганда 42,3 миллион кишини ташкил қилади.  

Мавзуга оид