Спорт | 10:20 / 05.12.2017
37372
2 дақиқада ўқилади

Артур Таймазов: Спортчилар тақдирини умрида машқ қилмаганлар ҳал қилмоқда

Фото: Григорий Сысоев/ТАСС

Олимпия ўйинларида спортнинг эркин кураш тури бўйича иштирок этиб, юқори натижаларни қўлга киритган Артур Таймазов спортчиларнинг тақдирини умрида бирор марта машқ қилмаган кишилар ҳал қилаётганидан афсусда эканини билдирди. У бу ҳақда ТАСС агентлигига берган интервьюсида баёнот берди

Спорт ҳакамлик суди (CAS) Таймазовнинг Халқаро Олимпия қўмитаси қарори юзасидан берган апелляциясини рад этди. ҲОҚ уни 2008 йилги Олимпия ўйинлари олтин медалидан маҳрум этган эди. ҲОҚ 31 март куни Ўзбекистон терма жамоасини ҳимоя қилган Таймазовни Пекин олимпиадаси олтин медалидан маҳрум этишини билдирганди. Бунга спортчининг допинг-намунасида тақиқланган туринабол моддаси топилгани асос бўлгани айтилганди

"Албатта, мен адолат қарор топишига умид қилгандим, аммо бундай бўлмади. Менинг ғалабам ҳақиқий бўлган эди, менга нисбатан қандай қарор қабул қилиниши, мен ҳақимда қандай фикр билдиришларидан қатъи назар мухлисларим учун мен ҳар доим уч карра олимпия чемпиони бўлиб қоламан. Алам қиладигани шундаки, буларнинг барини умрида бирор марта машқ қилмаганлар ҳал қилмоқда. Улар ҳатто Олимп чўққиси сари борадиган спортчи қандай синовлардан ўтишини тасаввур ҳам қила олмайди. Уларнинг спорт билан қилаётганлари ноинсофликдир", - деб қайд этган Таймазов.

Артур Таймазов эркин кураш тарихидаги энг обрўли спортчилардан биридир. Шимолий Осетиянинг Ногир қишлоғида таваллуд топган спортчи 2004, 2008, 2012 йиллардаги Олимпиада ғолиби бўлган. 2000 йили Сиднейда бўлиб ўтган Олимпия ўйинларининг кумуш медалини қўлга киритган. Таймазов 2016 йили РФ Давлат думаси депутатлигига сайланган. 

Мавзуга оид