Спорт | 17:20 / 05.12.2017
21887
6 дақиқада ўқилади

Чемпионлар лигаси «Ювентус»сиз қолиши мумкин. Куннинг асосий интригаси

Фото: Спорт Экспресс

Бугун Европа Чемпионлар Лигасида А-D гуруҳлари ўз ўйинларини якунлайди. Бугун майдонга тушадиган 4 жамоа кейинги босқич масаласини расман ҳал қилган бўлса, қолган 4 йўлланма тақдири бугун кечаси ҳал бўлади. Келинг, ушбу гуруҳларга назар ташлаб, жамоаларнинг имконияти ҳақида сўз юритамиз.

А гуруҳи

БЕНФИКА – БАЗЕЛЬ

“Базель” ЦСКА билан биргаликда 9 очко тўплашган ва гуруҳдан чиқиш учун кураш олиб бормоқда. Ўзаро ўйинда швейцарияликларнинг устунлиги борлигини инобатга олсак, “Базель”нинг бу турдаги вазифаси руслардан кам очко олмасликдир. Бу нуқтаи назардан, балки дуранг ҳисоби ҳам меҳмонларни қониқтириши мумкин, зеро ЦСКА нинг “Олд Траффорд”да ғалаба қозонишини тахмин қилиш қийин.

Ўз навбатида “Бенфика”нинг ўзига яраша ҳисоб-китоби борлигини унутмаслик керак. Тўғри, португалияликлар барча ўйинларни бой бериб, турнирда ҳеч қандай имкониятга эга эмас, аммо биринчи даврадаги 0:5 ҳисобидаги шармандали мағлубият аламини ўз мухлислари олдида олишга уринишлари шубҳасиз.

МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – ЦСКА

“Юнайтед” шанба куни Лондонда оғир учрашув ўтказди, шу ҳафта охирида эса Манчестер дербисида майдонга тушади. Жамоа ЕЧЛда гуруҳда қолиб кетиши учун 7-8 гол ўтказиши керак бўлишини инобатга олсак, мезбонлар бироз аралаш таркибда майдонга тушишлари кутилмоқда. Матич, Лукаку, Валенсия, Де Хеа, Марсиял каби футболчиларга дам берилиши кутилмоқда. Аммо шу ҳолатда ҳам, келаси ўйинларда дисквалификацияга учраган Погба, сўнгги ўйинларда захирада қолаётган Мата, Мхитарян каби тажрибали футболчилар майдонга тушишлари мумкин.

ЦСКА эса, бу ўйинда ғалаба қозониши шарт. Ёки дуранг ўйнаб, “Базель”нинг Португалиядаги мағлубиятидан умид қилишига тўғри келади. “МЮ” ушбу мавсумда барча мусобақаларда ўз майдонида очко йўқотмаётгани, умуман “Олд Траффорд”даги мағлубиятсиз серия 40 ўйинга яқинлашиб қолганини эътиборга олсак, армиячиларнинг вазифаси жуда мушкул.


В гуруҳи

БАВАРИЯ - ПСЖ

Ҳар икки жамоа ҳам кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритиб бўлишган. Аммо немислар гуруҳда 1-ўринга чиқиб олиш учун ҳаракат қилиб кўришса бўлади. Бу ҳам осон эмас. Якунда парижликларни ортда қолдириш учун Хайнкес шогирдлари камида тўрт тўп фарқи билан ғалаба қозонишларига тўғри келади.

“ПСЖ” эса, ”Страсбург” майдонидаги мағлубиятнинг пасайиш эмас, шунчаки, тасодиф эканини исботлаши керак. Шунингдек, агар ғалаба қозонишга, гуруҳ босқичини юз фоизлик натижа билан якунлаган икки жамоадан бири бўлади.  

СЕЛТИК – АНДЕРЛЕҲТ

Бу ўйин ҳам худди гуруҳдаги параллел ўйин каби, жамоалардан бири йирик ҳисобида ғалаба қозониши керак. Фақат бу сафар бундай вазифа меҳмон жамоага юкланган. Фақат йирик ғалабагина бельгияликларга Европа Лигасида иштирок этиш ҳуқуқини беради.

 

С гуруҳи

РОМА – ҚОРАБОҒ

“Рома”нинг вазифаси оддий. Агар “Қорабоғ” устидан ғалаба қозонса, гуруҳда камида иккинчи ўринни қўлга киритишади. Римликларда ҳатто биринчи ўринга чиқиб олиш учун имконият ҳам бор, бунинг учун “Челси” ўз майдонида “Атлетико”ни юта олмаслиги керак бўлади.

ЧЕЛСИ – АТЛЕТИКО

“Атлетико” ушбу мавсумда барча мусобақаларда атиги бир марта мағлубиятга учради, у ҳам бўлса, Мадридда айнан “Челси”дан қабул қилинганди. Ўша натижа ва яна бир нечта кутилмаган дуранглар оқибатида “Атлетико”нинг кейинги босқичга чиқиш имконияти жуда пасайиб кетганлигини кўришимиз мумкин.

Симеоне шогирдлари Лондонда мезбонлар устидан ғалаба қозонишлари, бу ҳам етмай, “Рома”нинг озарбайжонликлар билан ўйинда очко йўқотишидан умид қилишларига тўғри келади.

“Челси” эса, кейинги босқич масаласини расман ҳал қилган. Аммо уларга ҳам бу ўйинда ғалаба жуда керак, чунки фақат ғалаба уларни якунда гуруҳ ғолибига айлантиради. Англия жамоаси учун гуруҳда биринчи бўлиш жуда муҳим. Сабаби, бошқа инглиз жамоалари ҳам ўз гуруҳларида пешдақамлик қилмоқдалар. “Челси”нинг 2-ўринга тушиб қолиши нимчорак финалда ҳамюртлари билан бирга тушмасликларини инобатга олсак, уларга “ПСЖ” ёки “Барселона” рўбару бўлишини 70 фоизга тенг қилиб қўяди.

 

D гуруҳи

БАРСЕЛОНА – СПОРТИНГ

“Барселона” Туриндаги дурангдан сўнг, нафақат кейинги босқич, балки гуруҳ ғолиблигини ҳам ҳал қилиб бўлган. Балки “Вильяреал” сафари олдидан Валверде баъзи шогирдларига дам бериши мумкин.

“Спортинг”га эса, бу ўйинда ғалаба сув ва ҳаводек зарур. Португалияликлар “Кам Ноу”да ғалаба қозонишлари ва “Ювентус”нинг Грецияда очко йўқотишини кутишларига тўғри келади. Акс ҳолда, “Спортинг” фақат Европа Лигаси йўлланмаси билан кифояланишга мажбур.

ОЛИМПИАКОС – ЮВЕНТУС

“Ювентус”нинг вазифаси худди нариги Италия клуби каби, жуда оддий. “Олимпиакос” майдонида ғалаба қозонишса, гуруҳдаги 2-ўрин нақд бўлади. Грецияда ҳатто “Барселона” ҳам ғалаба қозонмаганини эсласак, бу вазифа Турин клуби учун у қадар осон бўлмаслигини тахмин қилиш мумкин. 

Аммо дуранг, ҳатто мағлубият ҳам “Ювентус”га кейинги босқичга чиқишга халақит бермаслиги эҳтимоли ҳам яқин. “Барселона” ўз майдонида “Спортинг”дан ютқазмаса, кифоя. Акс ҳолда амалдаги финалчи «Ювентус» Европа Лигасига йўл олади.

Мавзуга оид