Жамият | 17:50 / 06.12.2017
19913
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилояти туман ва шаҳарларида “намунавий тўйлар” бўлиб ўтмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил Тошкент вилоятининг Олмалиқ ва Бекобод шаҳарларига қилган ташрифи давомида тўй-ҳашам ва маракалардаги исрофгарчилик, дабдабабозлик ҳолатларига чек қўйиш, тўйларни миллий урф-одатлар ва анъаналарни унутмаган ҳолда ташкиллаштириш юзасидан топшириқ берган эди.

Ушбу топшириқ ижроси юзасидан Тошкент вилоят адлия бошқармаси ҳокимликлар, хотин-қизлар қўмиталари, мусулмонлар идораси вакиллари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва фаоллари, “Маҳалла”, “Нуроний” жамғармалари, ёшлар иттифоқи ҳудудий кенгашлари аъзолари билан ҳамкорликда доимий равишда зарур чора-тадбирлар кўрмоқда.

Амалга оширилаётган ишлар натижаси ҳамда кенг жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда, Тошкент вилояти миқёсида “Намунавий тўйлар” лойиҳаси остида доимий равишда никоҳ тўйлари ўтказиб келинмоқда ва ушбу намуна вилоят бўйича оммалаштирилмоқда.

Тошкент вилояти адлия бошқармасининг KUN.UZ’га маълум қилишича, жорий йилнинг 1 - 4 декабрь кунлари Тошкент вилоятининг Чиноз, Оққўрғон, Пискент, Юқоричирчиқ ва Қуйичирчиқ туманларида юқоридаги каби “намунавий тўйлар” ўтказилди.

Ёш келин-куёвларнинг бахтли онлари туман ФҲДЁ бўлимлари томонидан тантанали равишда қайд қилиниб, никоҳланувчи ёшларга янги ҳаёт бўсағасига кириш учун айтилаётган тилак ва истаклар билан бир қаторда уларга оила психологияси, ёшларнинг оиладаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ёш авлод тарбиясига оид китоблар ҳам туҳфа этилди.

Бундай ихчам тарзда ўтган тўй маросимларида тўйхона эгалари ва ёшларнинг алоҳида кўтаринки кайфиятда бўлиши, унинг ўйин-кулги ва алоҳида бир файз билан ўтганлиги кузатилиши билан бир қаторда, оила бюджетини иқтисод қилиниши ҳамда ёш оила ҳаётининг молиявий барқарорлигини оширилишига замин яратганлигини кўрсатиш жоиз.

Ушбу тўй маросимлари марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди.

Мавзуга оид