Жаҳон | 08:20 / 06.12.2017
10747
3 дақиқада ўқилади

Трамп ал-Қудсни Исроил пойтахти сифатида тан олишга қарор қилди

Фото: РИА Новости

АҚШ президенти Дональд Трамп ал-Қудсни Исроил пойтахти сифатида тан олганини чоршанба куни расман маълум қилади, дея хабар берган Оқ уйнинг юқори лавозимли вакили.

"Президент 6 декабрь куни Америка Қўшма Штатлари ал-Қудсни Исроил пойтахти сифатида тан олиши ҳақида маълум қилади", - дея хабар берган маъмурият вакили махсус брифингда.

Унинг сўзларига кўра, "бу ҳам тарихий ҳақиқатни, ҳам ҳозирги реалликни тан олиш саналади", шунингдек, тинч йўл билан ҳал этиш бўйича музокара жараёнининг қандайдир жиҳатлари ва чегара масаласига алоқадор эмас. Оқ уйдан таъкидлашларича, Трамп ўз қарорини Яқин Шарқ давлатлари раҳбарлари билан муҳокама қилди, шунингдек, Фаластин-Исроил можаросига ечим топиш жараёни билан шуғулланувчи хорижий етакчиларнинг қўллаб-қувватловини олган.

Оқ уйдан қайд этишларича, ал-Қудс бўйича қарор АҚШнинг Исроил чегаралари бўйича сиёсатини ўзгартирмайди. "Президент Ал-Ақсо масаласида мавжуд вазият сақланиб қолиши ҳақида яна бир бор маълум қилади", - дея айтиб ўтган Америка маъмурияти вакили. Унинг қўшимча қилишича, Трамп Фаластин-Исроил можаросига ечим топиш мумкин, деб ҳисоблайди.

Бундан ташқари, унинг хабар беришича, Трамп чоршанба куни АҚШнинг Исроилдаги элчихонаси Тель-Авивдан ал-Қудсга кўчиши ҳақида эълон қилади. Кутилишича, Трамп тегишли баёнотни чоршанба куни Тошкент вақти билан соат 23.00да беради.

Қўшма Штатлар етакчисининг ал-Қудсни Исроил пойтахти сифатида тан олиш ва у ерга элчихонани кўчириш режалари ҳақида сешанба куни маълум бўлди. Исроилда Трампнинг ал-Қудс бўйича қарорини адолатли ва тарихий тўғри қадам, деб аташди. Шу билан бирга, бу вазият кўплаб араб давлатларининг етакчилари томонидан кескин танқид қилинди, Евроиттифоқ эса Яқин Шарқ муаммосини ҳал қилишдаги саъй-ҳаракатларга эҳтимолий зарар етказилиши ҳақида ҳам огоҳлантирди.

Исроил ал-Қудсни, жумладан, Иорданиядан ярим аср аввал эгаллаб олинган унинг шарқий туманлари ва тарихий марказини ўзининг “ягона ва ажралмас” пойтахти сифатида эълон қилди. Жаҳон ҳамжамияти босиб олиш ҳолатини тан олмайди ва шаҳар мақомини Яқин Шарқдаги можаронинг энг асосий муаммоларидан бири сифатида кўради. Шу сабабдан барча хорижий элчихоналар Тель-Авивда жойлашган.

АҚШ Конгресси эса узоқ 1995 йилда Исроилдаги элчихонани Тель-Авивдан ал-Қудсга кўчириш ҳақидаги қонунни қабул қилган. Бироқ шаҳарнинг баҳсли мақоми ва бу ҳолатнинг араб-мусулмон дунёси билан муносабатлардаги ўта нозиклиги инобат олиниб барча америкалик президентлар, жумладан Трамп ҳам, ҳар ярим йилда бу қарорнинг бажарилишини ортга суриб келган.

Мавзуга оид