12:54 / 08.12.2017
12595

Мудроқ босган виждон ёки оталик масъулиятини унутганлар 

Фото: Shutterstock

Фарҳод ва Шоҳиста (исм-фамилиялар ўзгартирилган) турмуш қурганларида “Бахтли яшаймиз, фарзандларимиз бўлади. Уларни ҳеч кимдан кам қилмай улғайтирамиз”, деб орзу қилишганди. Бироқ, арзимаган сабаблар билан улар қонуний ажрашиб кетишди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг 2011 йил 17 июндаги қарори билан ўрталарида туғилган фарзанд Оҳиста Тимурованинг таъминоти учун Фарҳод Тимуровнинг алимент тўлаши белгиланган эди.

Буни қарангки, Фарҳод қизи Оҳиста дунёга келиб, унга оталик бахтини муяссар этганда қанчалик қувонган бўлса, қизи учун алимент тўлаши лозимлигини эшитгач, шунчалар хафа бўлиб кетди:

-  Уф-ф, бир ками шу қолувди. Ҳали алимент ҳам тўлашим керак эканми?

-  Фарзандингиз вояга етгунга қадар ҳар ой белгиланган миқдорда кечиктирмасдан алимент тўловини амалга оширишингиз шарт, - деди ижрочи.

Бироқ Фарҳод ваъда берган бўлса-да, алимент пулини ўз вақтида тўлаши лозимлигини унутишни одат қилди. Ҳар гал алимент ундирилганда тушунтириш хати ёзар экан, “...агар уч ой муддатда фарзандим Оҳиста Тимурова учун алимент пулларини тўламасам, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 122-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилишим тушунтирилди”, деган жумлаларни ёзар, кейин эса ижрочилар эшик қоқиб келишини, ИИБ қидирув эълон қилишини “кутиб” ётаверарди.

Шоҳиста Тимурованинг МИБнинг Бухоро шаҳар бўлими бошлиғи номига ёзган аризасига биноан Ф.Тимуров 6 ой давомида алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаб келаётганлиги ҳолати ўрганилди. У яшаётган маҳаллага бориб суҳбат ўтказилгач, отанинг мудроқ босган виждони уйғонгандек бўлди. 2017 йил 3 октябрь куни Шоҳиста Тимурова фарзанди Оҳиста Тимурованинг таъминоти учун алимент пулларини олди.

Оталик масъулиятини унутиш гуноҳ. Чунки, муросага келолмаган ота-онаси учун норасида гўдак айбдор эмас. У кундалик эҳтиёжи, ўқиши ёки даволаниши учун вояга етгунга қадар ота-онаси томонидан таъминланиши қонунда белгиланган.

Top