Ўзбекистон | 16:40 / 08.12.2017
11681
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон делегацияси халқаро сайёҳлик кўргазмасида қатнашмоқда

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Жорий йилнинг 7 декабрь куни Travel Turkey Izmir-2017 халқаро сайёҳлик кўргазмаси ўз ишини бошлади, унда Ўзбекистон делегацияси биринчи маротаба иштирок этмоқда. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти «Ўзбекистон» ягона Миллий стенди билан тақдим этилди, унда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари, Бухоро, Тошкент ва Хоразм вилоятлари ҳокимларининг туризм соҳасини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вакиллари, «Зангиота» ва «Ҳаким ат-Термизий» мемориал мажмуаси раҳбарлари, шунингдек, Ўзбекистоннинг 12 йирик туристик компанияси вакиллари (East Asia Point, Orient Mice, Azimut  Travel, Asia Tour Elite, Nanay’s Paradise, Expert Navigator, Bukhara Eco Travel, East Line Tour, Ulysee Tour, Uzintour, Ark Travel, Lola Tour Service), ҳаммаси бўлиб 53 киши иштирок этмоқда.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Бу йил 11-анъанавий Travel Turkey Izmir 2017 халқаро сайёҳлик кўргазмасида 83 давлатдан бўлган сайёҳлик саноатининг 40 мингдан зиёд вакили 119,400 квадрат метр майдонга эга замонавий кўргазма комплекси ҳудудида иштирок этмоқда.

Кўргазманинг биринчи кунида Ўзбекистон делегацияси Туркия Маданият ва туризм вазирлиги вакиллари, Туркия сайёҳлик агентликлари ассоциацияси (TURSAB) директор ўринбосари, Туркиянинг минтақавий органлари раҳбарлари, хусусан, Ургуп, Эскишеҳир, Кушадаси шаҳарлари мэрлари, хорижий сайёҳлик компаниялари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашди. 

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Хусусан, Эскишеҳир ва Кушадаси шаҳарлари муниципалитетлари раҳбарлари билан музокаралар чоғида туркиялик ҳамкасблар ҳар икки йўналишда мунтазам равишда сайёҳлик оқимини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон шаҳарлари билан дўстона муносабатлар ўрнатиш масалаларини ишлаб чиқиш борасида катта қизиқиш билдиришди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Кўргазма доирасида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари томонидан ўтказилган учрашувлар ва музокаралар давомида мамлакат сайёҳлик идоралари, йирик сайёҳлик ассоциациялари ва Туркия сайёҳлик соҳасидаги ишбилармон доиралар вакилларига Ўзбекистон раҳбари томонидан туризм соҳасини жадал ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.

Хорижий шериклар «Зиёрат туризми» йўналиши бўйича катта салоҳият, инвестициялар, шунингдек, ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятлари билан таништирилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид